Сирдарё вилояти ҳокимлигида еттинчи чақириқ халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг 43-сессияси бўлиб ўтди
2026-09-30 01:50:00 / Янгиликлар

Сессия кун тартибида вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид турли муҳим масалалар қаторида, вилоятдаги криминоген вазият, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Алоҳида эътибор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш ва профилактика ишларини кучайтиришга қаратилган қарор ҳамда топшириқларида белгиланган вазифаларнинг ижросига қаратилди.
Шу нуқтаи назардан, жиноятчиликка қарши курашиш кўлами ва самарадорлигини ошириш, ҳудудларда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг янги, таъсирчан механизмларини ҳаётга татбиқ этишдек муҳим ва масъулиятли вазифалар юкланди.
Сессияда, хавфсиз муҳитни таъминлаш, аввало, ҳар бир маҳаллада жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқотни йўлга қўйиш, одамларни қийнаётган муаммоларни жойида аниқлаб, уларни бартараф этишдан бошланиши зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Бундан ташқари, шаҳар ва туман ички ишлар бўлимлари раҳбарларига, профилактик ишларни формал тадбирлар доирасидан чиқариб, ҳар бир хонадон, ҳар бир оила ва ҳар бир фуқаронинг ҳаётидаги муаммоларга манзилли ёндашув асосида ташкил этиш, мурожаатлар ортида турган асл сабаб ва омилларни чуқур таҳлил қилиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди.Жиноят содир этилишига сабаб бўлаётган омилларни ҳар бир маҳалла кесимида аниқлаб, манзилли бартараф этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек кун тартибидаги масала юзасидан Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Сардор Мирзараимов ўз ҳисоботини ўқиб эшиттирди.
Сессия якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар умумлаштирилиб, вилоятда тинчлик ва осойишталикни янада мустаҳкамлаш, жамоат тартибини таъминлаш ҳамда аҳоли хавфсизлигини оширишга қаратилган навбатдаги вазифалар белгилаб олинди.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати








