Тергов фаолиятидан. Мулоқот — очиқликнинг асосий мезони
2026-09-28 23:00:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг туб негизида «Инсон қадри учун» деган эзгу ғоя мужассам. Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифалардан бири — аҳоли билан очиқ, самимий ва самарали мулоқотни тизимли равишда йўлга қўйишдан иборат.
Ушбу тизимли вазифаларнинг амалдаги ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти ИИББ раҳбарияти томонидан навбатдаги фуқаролар қабули ташкил этилди.
Хусусан, Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи ўринбосари — Тергов бошқармаси бошлиғи, полковник Отабек Хаджаев томонидан ўтказилган шахсий қабул аҳоли муаммоларини жойида ўрганиш ва уларга ҳуқуқий ечим топишда муҳим босқич бўлди.
Мурожаатлар асосан терговга қадар текширув, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари билан боғлиқ муаммоларни ўз ичига олди. Қабулда ҳар бир мурожаат атрофлича кўриб чиқилиб, муаммоларни тизимли ҳал қилишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
— Тергов ва суриштирув органлари фаолияти бевосита инсон тақдири, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ бўлгани боис, ҳар бир мурожаат ортида турган масалага алоҳида синчковлик билан ёндашишимиз шарт. Аҳолининг тергов идораларига бўлган ишончи — бу тизимда адолат ва қонунийлик қанчалик таъминланаётганининг бош мезонидир.
Шу боис, фуқаролар билан бевосита мулоқотни кучайтириш борасидаги изчил ишларни бундан кейин ҳам қатъий давом эттирамиз, — дейди полковник Отабек Хаджаев.
Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ва унинг ҳуқуқлари ётганини инобатга олган ҳолда, келиб тушган аризалар қонун талаблари асосида синчковлик билан ўрганилди.
Натижада мурожаатларнинг 6 таси жойида ижобий ҳал этилди ва фуқароларнинг саволларига аниқ ечим топилди. Қолган 9 та мурожаат бўйича қўшимча текширув ўтказиш ҳамда соҳавий органлар билан ҳамкорликда чора-тадбирлар кўриш талаб этилганлиги сабабли, улар белгиланган тартибда қатъий назоратга олинди.
Бу каби мулоқотлар ички ишлар органлари ва аҳоли ўртасидаги ишонч кўпригини мустаҳкамлашга ҳамда ҳудудда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.
© «Postda» газетаси, Аброр Поёнов, катта мутахассис-мухбир, катта сержант.Тошкент вилояти.
