Аҳоли мурожаатлари давлат эътиборида
2026-09-28 09:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ҳамда ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари томонидан навбатдаги сайёр қабуллар ўтказилди.
Фуқароларни Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — полковник Тимур Исмаилов, вазир ўринбосари — полковник Диёрбек Саттаров, ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи — полковник Азизхон Умархонов, шунингдек, вазирлик Тергов департаменти масъуллари ҳамда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи — полковник Равшан Султонходжаев ЖАР спорт комплексида қабул қилдилар.
Куннинг биринчи ярмида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолисининг мурожаатлари кўриб чиқилган бўлса, соат 14:00 дан кейин Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар аҳолиси учун онлайн мулоқот ташкил этилди.
Қабуллар давомида ички ишлар органлари фаолиятига доир турли йўналишлардаги масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, фуқаролар ўртасидаги молиявий муносабатлар, суриштирув ва тергов жараёнларида учраётган муаммолар, ижтимоий ҳимоя, аввалги иш жойига қайта тикланиш, шунингдек, бошқа ҳуқуқий масалалар бўйича мурожаат ва таклифлар билдирилди.
Тадбир якунига кўра, жами 457 та мурожаат рўйхатга олинди. Уларнинг 164 таси, яъни 36 фоизи, қабул жараёнининг ўзида ижобий ҳал этилди. Қолган 293 та мурожаат қўшимча ўрганишни талаб қилганлиги сабабли назоратга олиниб, тегишли соҳавий хизматларга ижро учун йўналтирилди.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ички ишлар органлари раҳбарлари томонидан ўтказилган қабуллар давомида ҳам 337 та мурожаат қабул қилинди. Шулардан 107 таси, яъни 32 фоизи, жойида ҳал этилди. Қолган 230 та мурожаат қўшимча текширув ва ҳуқуқий баҳолаш ишларини амалга ошириш учун белгиланган тартибда кўриб чиқишга йўналтирилди.
Сайёр қабуллар аҳоли билан давлат органлари ўртасидаги очиқ ва самарали мулоқотни янада мустаҳкамлаш, фуқароларни қийнаётган муаммоларга тезкор ечим топиш, шунингдек, ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлиги ва самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бундай учрашувлар фуқароларнинг мурожаатларини бевосита эшитиш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳамда мавжуд муаммоларни жойида ўрганишга хизмат қилади.
Сайёр қабуллар келгусида ҳам мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мунтазам равишда давом эттирилади.
ИИВ ЖХД Ахборот хизмати







