Соҳа фидойилари. Йўлда
2026-09-27 11:55:00 / Янгиликлар

Майор Муҳаббат Хидиралиева Ховосдаги тергов ҳибсхонасида маҳкумалар билан учрашув ўтказаётганди. Аёлларнинг бошлари эгик, кўзларидаги нур сўник. Учрашувда аёл, энг аввало, она эканлиги, унинг жиноят йўлига кириши фарзандлари келажаги учун ҳам жуда катта зарба бўлиши тўғрисида сўз кетарди.
Шу пайт қисқа хабар келиб қолди. Настариннинг иситмаси кўтарилибди. Жажжигина қизалоғининг тоби йўқлиги тўғрисидаги хабардан майорнинг ичи ёнди. У эридан болани касалхонага олиб боришни сўради. Тезда етиб боришини ҳам қўшиб қўйди. Турмуш ўртоғи ҳам ички ишлар ходими бўлгани учун уни тушунди. Йиғилиш эса чўзилиб кетди. Аёллар ўз дардларини айтишар, кўмак сўрашар, аксарияти ўзларининг айбсизлигини таъкидлашарди. Муҳаббат уларни сидқидилдан эшитар, фикрларини таҳлил қиларди.
Орадан икки соатлар ўтгачгина бўшади. Чиқибоқ қўнғироқ қилди. Қизалоққа муолажа қилинган, лекин иситмаси тушмаётганди. Аксига олиб, темир йўл кесишмасида анча туриб қолишга тўғри келди. Узундан-узун учта эшелон ўтгачгина йўл очилди. У ҳайдовчидан тезроқ ҳайдашни илтимос қиларкан, Ховос билан Гулистон ораси одатдагидан кўра узоқлашиб кетаётгандек туюлди.
Палата эшигини кескин очибоқ, боласига отилди. Настарин уни кўриб йиғлаб юборди. Докторлар эса ички ишлар формасидаги аёлни тинчлантириб, танг вазият ўтиб кетганини, бола ўзига келганини тушунтиришди. Шундагина ўзига келди.
Касалхонада фарзанди билан тонг оттирди. Эрталаб эса бошлиқ алоқага чиқди: «Туманга етиб боришингиз керак...» Раҳбарнинг ташвишли оҳангда гапиргани учун Муҳаббатнинг гапи оғзида қолди. «Болам касал» дея олмади. Ахир у ҳам инсонку, унинг ҳам гоҳ фарзанди касал бўлади, гоҳида ўзи ҳам турмуш ўртоғи, фарзандларини олиб саёҳатга чиқишни истайди. Шу касбни танлаётганида устозлари уни огоҳлантиришган, тўй-ҳашам, оилага вақт ажрата олмаслигини, сабаби у энди эл-юрт одамига айланишини, юрт ташвишини кўтариш эса ҳамиша оғир бўлишини қайта-қайта уқтиришганди...
Сирдарё вилояти ИИБ ҲПБ бошлиғининг ўринбосари вазифасига ўтказишганидан кейин Муҳаббат бормаган маҳалла қолмади ҳисоб. Бугун эса Гулистон давлат университетида талаба ёшлар билан учрашув бор. Талаба қизлар учун ички ишлар тизимида ишлаш катта орзу. Бошқармада раҳбарлик вазифасида ишлайдиган аёл эса уларнинг қаҳрамонидек гап. Муҳаббатнинг эришган ютуқлари, босиб ўтаётган йўлига назар ташлаш улар учун қизиқ.
Сўз Муҳаббат Хидиралиевага берилганида эса зал жонланиб қолди. Муҳаббат одатда гапни чўзмасди, шунинг учун ҳам уни барча эшитарди. Бу сафар унинг гаплари барчани ўйлантириб қўйди. Афсуски, психотроп моддалар ҳаттоки айрим ўқувчи қизларнинг сумкасидан топилган. Буни қандай ҳазм қилиш мумкин? Ота-она бунга қандай йўл қўйиб берган? Ўсмирлик даврида
ҳамма нарса қизиқ туюлади. Бундан эса гиёҳвандлик воситаларини сотувчи шахслар фойдаланишади. Албатта, ички ишлар ходимлари бунга қарши қаттиқ кураш олиб боришяпти. Лекин ёшларнинг онгу тафаккурини гиёҳвандликка қарши қуроллантирмай туриб, етарлича самарага эришиб бўлмайди. Ҳамма гап шунда. Шу сўзлар билан фикрини якунлаган майорни ёшлар олқишлашди. Бу эса ходимага катта куч берди, янада руҳлантирди.
Шундай пайтларда у ўз касбидан ниҳоятда фахрланиб кетарди.
Низоли оилани яраштириш учун Сардобага борган пайтида, қайтишда машина бузилиб қолди. Қаҳратон қиш эмасми, барча бирпасда совқотиб қолди. Муҳаббат уйга телефон қилган, олиб кетиш учун турмуш ўртоғи келаётганди. Лекин оралиқда эллик чақирим масофа бор. Ички йўл бўлгани учун автомобиллар кам ўтаётганди. Бир соат вақт бир кундек чўзилди. Турмуш ўртоғи келгач, ўзларининг машинасига ўтганида майорни совуқ олганди. Эртасига иситмалаб ётиб қолди. Сардобадан эса тинмай телефон бўларди. Бугун у судда қатнашиши, эр-хотиннинг ярашишига кўмаклашиши керак эди. Кеча улар билан шунга келишишганди. Боролмаётгани унга алам қилиб кетди. Туман ИИБ ХҚМБ инспектори эса ҳали ёш, эндигина олийгоҳни тугатиб ишга келгани учун тажрибасиз эди. Телефон орқали ундан аёлнинг манфаатларини ҳимоя қилишни сўради. Кун чошгоҳга оққанда телефони жиринглади. У бошлаган иш хайрли тугабди. Оила ярашибди, она билан кетган уч нафар бола яна дадаси билан бирлашибди. Бу хабарни эшитган Муҳаббат Хидиралиева «Хайрият! Ишқилиб бардавом бўлсин!» деб юборди.
Ўзи бир аҳволда ётган аёлнинг ўзгаларнинг муаммоларидан ташвишланиши, уларнинг ҳаёти ўнгланишидан қувонишига шифокор аёл ҳайратланиб қараб турарди.
Абдураҳмон Мустафоқулов, ўз мухбиримиз.
Сирдарё вилояти
