Тошкент шаҳар ИИББда «Энг яхши психолог» танлови ўтказилди
2026-09-27 11:30:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган психологларнинг касбий билим ва кўникмаларини янада ошириш, уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш мақсадида «Энг яхши психолог» танлови ўтказилди. Унда Тошкент шаҳар ИИББнинг ҳудудий бўлинмаларида хизмат қилаётган, мутахассислиги бўйича психология йўналишида таълим олган 12 нафар мутахассис-психолог иштирок этди.
Танловнинг дастлабки босқичида иштирокчиларнинг психология соҳасини ривожлантиришга қаратилган фаолияти, тарғибот-ташвиқот ишлари, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган материаллари, газета ва журналларда чоп этилган мақолалари, шунингдек, тренинг, семинар, конференция ва бошқа оммавий тадбирлардаги иштироки баҳоланди. Шунингдек, иштирокчиларнинг касбий маҳорати ва ижодий ёндашувини намоён этиш мақсадида «Энг яхши психолог» танлови учун тайёрланган ташриф қоғози видеоролиги, психология соҳасини ривожлантиришга қаратилган ғоялар ҳамда уларни амалиётга жорий этиш истиқболлари кўриб чиқилди. Танловнинг кейинги босқичида иштирокчиларнинг касбий билим даражасини аниқлашга қаратилган синовлар ва савол-жавоблар ўтказилиб, ҳар бир иштирокчининг билим ва кўникмалари белгиланган мезонлар асосида баҳоланди. Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни — Тошкент шаҳар ИИББ Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси психологик таъминлаш гуруҳи катта психологи, катта лейтенант Ботиржон Ўткуров, 2-ўринни — Яккасарой тумани ИИО ФМБ психологик таъминлаш гуруҳи катта психологи, капитан Сайёра Қодирова, 3-ўринни — Яшнобод тумани ИИО ФМБ психологик таъминлаш гуруҳи катта психологи, лейтенант Азизжон Рашидов эгаллади. Танлов ғолиблари Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг дипломлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мазкур танлов ички ишлар органларида психологик хизмат самарадорлигини ошириш, соҳада фаолият юритаётган мутахассисларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш ва илғор тажрибаларни оммалаштиришга хизмат қилди.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати




