Учрашув. Ёшлар қалбига маърифат улашиб
2026-09-27 08:00:00 / Янгиликлар

Ҳаёт кўзгуси ҳисобланмиш — матбуот демократик жамият қуришнинг энг таъсирчан усулларидан биридир. Шу маънода, ички ишлар органларининг ижобий имижини шакллантириш, аҳоли ўртасида соҳа ходимларининг обрўсини янада ошириш ва тизимга нисбатан фуқаролар ишончини мустаҳкамлаш борасида «Postda-Ha nocmy-At the post» газетасининг холис фикри ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ходимларнинг юрт тинчлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлаш борасидаги машаққатли фаолияти, қувонч ва ташвишлари, улар эришган ютуқлар, жиноятчиликка қарши курашиш йўлида жон фидо қилган мард ўғлонларнинг ёрқин хотираси, истеъдодли ходимларнинг ижод намуналари — буларнинг барчаси газета саҳифаларида ўз аксини топган, десак, муболаға бўлмайди.
ИИВ 2-сонли академик лицейида «Postda-Ha nocmy-At the post» газетаси фаолиятига бағишланган маънавий-маърифий тадбирда мазкур нашрнинг тарихи, унинг ички ишлар органлари ҳаётида тутган ўрни яна бир бор тилга олинди. Хусусан, лицей директори, полковник Ражаббой Отажонов тадбирни очиб бераркан «Postda-Ha nocmy-At the post» газетаси салкам бир асрга яқин вақтдан буён бой тарихий тажриба ва салоҳиятига таянган ҳолда, ўз муштарийларини тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлардан узлуксиз хабардор қилиб, турли ёт ғоялар ва жамиятдаги иллатлардан огоҳ бўлишга даъват этиб келаётганини, етакчи нашрлардан бири сифатида кўп сонли ўқувчиларининг меҳрини қозонаётганини таъкидлади.
Шунингдек, ИИВ Бирлашган таҳририяти бош муҳаррир ўринбосари, подполковник Азизжон Файзиев газетанинг шонли тарихи ҳақидаги чиқишлари, ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти масъул ходими, истеъфодаги полковник Зикрилла Неъматов шеърий ижод намуналари ҳамда ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги подполковник Шуҳрат Рўзиев ёшларни фалсафий фикрлашга чорловчи қайдлари билан қатнашди.
- Китоб мутолаа қилишга, газета ва журналларни ўқишга қизиқишим катта, -дейди лицейнинг 2-курс ўқувчиси Одина Усмонова. — Бугунги маънавий-маърифий тадбир жуда қизиқарли ва таассуротларга бой бўлди. Айниқса, севимли газетамиз «Postda-Ha nocmy-At the post»нинг шонли тарихи ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдик.
Тадбир якунида ИИВ Бирлашган таҳририяти томонидан ўқувчиларга бадиий адабиёт тўпламлари совға қилинди. Академик лицей бадиий ҳаваскорлар гуруҳи аъзолари иштирокидаги куй-қўшиқлар эса тадбир иштирокчиларини янада хушнуд этди.
