Санкт-Петербургда МДҲ иштирокчи давлатлари миграция органлари раҳбарлари Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда
2026-09-25 14:00:00 / Янгиликлар

Ўттизинчи бор ташкил этилган юбилей йиғилиши Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкил этилганининг 35 йиллигида ўтказилаётгани рамзий маънога эга.
Унда Россия, Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг миграция масалаларини тартибга солиш ваколатига эга давлат органлари вакиллари иштирок этмоқда.
Бундан ташқари, тадбирга МДҲ Ижроия қўмитаси, МДҲга аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеяси, МДҲга аъзо давлатларнинг Аксилтеррор маркази, Иттифоқ давлати Доимий қўмитаси, Касаба уюшмаларининг умумий конфедерацияси, Евросиё иқтисодий комиссияси ва МДҲга аъзо давлатларнинг молиявий разведка бўлинмалари раҳбарлари кенгаши вакиллари ташриф буюрди.
Йиғилиш Россия Федерацияси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Россия ИИВ Миграция хизмати бошлиғи, полиция генерал-полковниги Андрей Кикот раислигида бўлиб ўтмоқда.
“Замонавий шароитда ҳамжиҳатлик, конструктив ҳамкорлик ва тажриба алмашиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Бу Ҳамдўстлик маконида миграция жараёнларини бошқаришнинг уйғун, самарали тизимини шакллантириш учун зарур омиллардандир.
Шу маънода Кенгаш минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг таъсирчан воситаси бўлиб қолиши лозим. Миграция вазиятидаги ўзгаришларга ўз вақтида жавоб бериш керак,” – дея таъкидлади Андрей Кикот.
Тадбирда Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов ҳам иштирок этмоқда.
Йиғилиш давомида томонлар Ҳамдўстлик ҳудудидаги миграция вазиятини баҳолаш, миграция жараёнларини миллий қонунчилик билан тартибга солишдаги ўзгаришларни муҳокама қилиш, миграция оқимларининг хавфсизлиги ва назоратини таъминлаш учун замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, шу жумладан жамоат жойларини видеокузатув тизимларида сунъий интеллект технологияларини қўллаш орқали шахсни биометрик идентификация қилиш бўйича тажриба алмашадилар.
Шунингдек, Россия Федерацияси томонидан амалга оширилаётган илғор ечимлар мисолида уюшган ҳолда ишга қабул қилиш механизмларига ўтиш орқали ноқонуний равишда бўлиб турган фуқароларни улар яшаётган давлатларга қайтариш ва Ҳамдўстлик маконида меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш бўйича ўзаро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилади.

