Инсон қадри учун. Ҳар бир мурожаат эътиборда
2026-09-25 23:00:00 / Янгиликлар

Пойтахт аҳолисининг мурожаатларига жавоб қайтариш мақсадида ўтказилган Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг шахсий қабулини кузатаркансиз, бу ерга ташриф буюрган фуқаролар учун барча шароитлар яратилганига гувоҳ бўласиз.
Мурожаатларнинг асосий қисмини суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатлари ҳамда терговга қадар текширув жараёнларидан норозилик, ички ишлар органларига ишга кириш ва хизмат жойини ўзгартириш каби масалалар ташкил этди. Шунингдек, мол-мулк ва моддий маблағларни ундириш, ҳаёт ва соғлиққа қарши ноқонуний хатти-ҳаракатлар ҳамда турли ижтимоий-иқтисодий муаммолар юзасидан ҳам шикоятлар келиб тушди.
Бош бошқарма бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқаркан, уларнинг аксариятини ижобий ҳал этди. Мурожаатларнинг айримлари шу ернинг ўзида ечим топган бўлса, бошқалари пухта ўрганилиб, қонун доирасида кўриб чиқиш учун назоратга олинди. Муаммоси ўз ечимини топган фуқаролар давлатимиздан мамнун эканликларини билдиришди.
Албатта, фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, уларни қийнаётган масалалар ўз вақтида ва адолатли ҳал этилиши аҳолининг давлат ва қонунларга бўлган ишончини ошириб, юртимизда ҳуқуқий-демократик жамият қуриш йўлида мустаҳкам замин яратилаётганини яққол кўрсатади.
© «Postda» газетаси, Абу Кенжаев, фотомухбир.
