ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти масъул ходимлари томонидан сайёр қабул ўтказилди
2026-09-25 08:35:00 / Янгиликлар

ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати масъул ходимлари томонидан Тошкент шаҳри Чилонзор туманида фуқаролар учун сайёр қабул ташкил этилди.
Қабул давомида оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, низоли ва муаммоли оилалар билан индивидуал суҳбатлар ўтказилиб, ўзаро келишмовчиликларни бартараф этиш, оила аъзоларини яраштириш ҳамда оилавий муносабатларни тиклаш бўйича тегишли чоралар кўрилди.
Шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланиш хавфи мавжуд бўлган ҳолатлар атрофлича ўрганилиб, заруратга кўра ҳимоя ордерини расмийлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича амалий чоралар белгиланди.
Бундай сайёр қабуллардан кўзланган асосий мақсад — оиладаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этиш, низоларнинг салбий оқибатларини олдини олиш ҳамда оилаларда соғлом ва осойишта муҳитни таъминлашдан иборат.
ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ахборот хизмати



