Сирдарё вилояти ИИБ раҳбарияти Сайхунобод туманида хизмат фаолияти ва криминоген вазиятни ўрганди
2026-09-25 09:00:00 / Янгиликлар

Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Сардор Мирзараимов Сайхунобод туманида бўлиб, ҳудудда жиноятчиликни жиловлаш, криминоген вазият барқарорлигини сақлаш ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганди.
Дастлаб туманнинг «Иттифоқ» маҳалла фуқаролар йиғинидаги маҳалла еттилиги фаолияти, шунингдек, профилактика инспекторининг аҳоли мурожаатлари ва алоҳида тоифадаги шахслар билан ишлаш борасидаги тақдимоти тингланиб, хизмат уйи кўздан кечирилди.
«Иттифоқ» ҳамда «Турон» маҳаллаларида аҳолининг фаровонлигини таъминлаш, фуқаролар мурожаатлари билан манзилли ишлаш самарадорлиги танишилиб, ҳудудда истиқомат қилувчи кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг муаммо ва эҳтиёжлари ўрганилди.
Шундан сўнг туман ички ишлар бўлимида ходимлар учун яратилган хизмат шароитлари, хизмат фаолиятининг ташкил этилиши ҳамда мавжуд имкониятлар билан яқиндан танишилди. Шунингдек, бўлим бошлиғининг ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш ва уни жиловлаш борасида амалга ошираётган ишлари юзасидан тақдимоти тингланди.
Ўрганиш якунида туман ички ишлар бўлимида йиғилиш ўтказилиб масъулларга аниқланган камчиликларни тез фурсатда бартараф этиш, ижро ва хизмат интизомини мустаҳкамлаш, ҳудудда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати








