Аҳоли мурожаатлари — доимий эътиборда
2026-09-24 23:20:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги томонидан аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйиш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Вазирлик ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан шахсий ва сайёр қабуллар мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 24 сентябрь куни Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашропов томонидан навбатдаги шахсий қабул ўтказилди. Унда фуқароларни қийнаётган муаммоларни бевосита ўрганиш, уларнинг мурожаатларига қонуний ечим топиш ҳамда мавжуд масалаларни бартараф этиш чораларини белгилашга алоҳида эътибор қаратилди.
Қабул давомида 138 нафар фуқаронинг 128 та мурожаати ўрганилди. Уларнинг 68 таси тергов ва суриштирув фаолияти, 25 таси терговга қадар текширув жараёнлари, 11 таси ходимларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан, 24 таси эса ички ишлар органлари фаолиятига оид бошқа масалаларни ташкил этди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда истиқомат қилувчи аҳоли учун қабул онлайн шаклда ҳам ташкил этилди. Хусусан, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида яшовчи фуқароларнинг мурожаатлари масофавий тарзда қабул қилиниб, масъуллар иштирокида кўриб чиқилди.
Шахсий қабул жараёнида Вазир ўринбосари, масъул раҳбар ва ходимлар фуқаролар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиб, уларни ташвишлантираётган масалаларни атрофлича ўргандилар. Терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда ички ишлар органлари фаолиятининг бошқа йўналишларига оид мурожаатлар юзасидан тегишли чоралар белгилаб олинди.
Ҳар бир мурожаатни қонун талаблари асосида, холисона ва тезкор ҳал этиш юзасидан масъул раҳбар ва ходимларга аниқ топшириқлар берилди.
Қабул қилинган мурожаатларнинг 32 таси, яъни 25 фоизи шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. 34 та мурожаат, яъни 26 фоизи бўйича фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қўшимча ўрганиш талаб этилган 62 та мурожаат, яъни 49 фоизи ижрога йўналтирилиб, уларнинг белгиланган муддатларда, қонуний ва холисона кўриб чиқилиши алоҳида назоратга олинди.
Ички ишлар вазирлиги тизимида аҳоли билан бундай очиқ ва бевосита мулоқотларни ташкил этиш, фуқароларнинг муаммоларини жойида ўрганиш ҳамда уларга амалий ечим топишга қаратилган шахсий ва сайёр қабуллар тизимли равишда давом эттирилади.








