Инсонпарварлик. Афв – эзгу амал ифодаси
2026-09-24 20:30:00 / Янгиликлар

Баъзан инсон ҳаётидаги энг муҳим бурилиш оддий эътибор, самимий ишонч ва берилган биргина имкониятдан бошланади. Кечаги хатолар ҳар доим эртанги кун тақдирига ҳукм бўла олмайди. Асосийси, нотўғри босилган қадамлар интиҳосидан тегишли ва тўғри хулоса чиқариш, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлишдир.
Юртимиз мустақиллигининг 35 йиллик шодиёнаси арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, 852 нафар шахс афв этилди. Бу рақамлар ортида фақатгина маҳкумлар тақдири эмас, ота-оналар қувончи, фарзандлар соғинчи, яқинлар меҳр-муҳаббати мужассам...
Афв этилганларнинг 163 нафари ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Пробация бошқармасининг ҳудудий бўлинмалари назоратига олиниб, яшаш манзилларига етиб боришлари тўлиқ таъминланди. Уларнинг 112 нафари муддатидан илгари шартли равишда озод этилди, 51 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Афвнинг моҳияти жазодан озод этиш билангина чекланмайди. Олдинда турган вазифалар янада муҳим: назоратдаги шахсларни жамиятга қайта мослаштириш, профилактик суҳбатлар ташкил этиш, психологлар иштирокидаги қайта жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бандлигига кўмаклашиш ва ҳоказо. Негаки, пробация назорати — жазолаш чораси эмас, аксинча, тўғри йўлни танлаган инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётида яна хато қилишига йўл қўймаслик воситасига айланди. Ҳудудларда ҳокимликлар вакиллари ҳамда ички ишлар органлари раҳбарлари иштирокида назорат остидаги шахслар билан профилактик йиғилишлар ўтказилди. Уларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, бир марталик моддий ёрдам олишига кўмаклашиш чоралари кўрилиб, ҳар бирига яшаш ҳудудидан мураббийлар бириктирилди. Назоратдагиларнинг барчаси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, 10 нафар шахсга тиббиёт муассасаларида бепул даволанишлари учун йўлланма берилди, 26 нафарига ИД-карта олишида амалий ёрдам кўрсатилди, бир нафарига ёшга доир пенсия тайинланди.
Ҳалол меҳнат инсонни моддий таъминлайди, жисмоний тоблайди, маънавий ва руҳий тарбиялайди. Шу боис 80 нафардан ортиқ назоратдаги шахслар ишга жойлаштирилди, 15 нафарга яқини ҳозирда қайта касбга ўқитилмоқда. Инсон тақдирини ўзгартириш фақат бир ташкилот ёки тизим зиммасидаги вазифа эмас. Бу эзгу амаллар жараёнида оила, маҳалла, жамоатчилик вакиллари ва меҳнат жамоаларининг ҳам масъулияти юқори.
Адашганларга бағрикенглик билан ёрдам қўлини узатиш — саховатпешалик, ўзини тиклашлари учун етарли шарт-шароитлар яратиб бериш — чинакам инсонпарварликнинг юксак намунаси. Пробация назорати остида турган шахслар зиммасида билдирилган ишончни оқлаш, ҳалол меҳнат қилиш, оиласи ва жамиятга наф келтириш, эзгу амаллари билан ўз келажагини бунёд этишдек катта масъулият ҳам бор. Энг муҳими, улар ортда қолган йилларда қайси йўлни босиб ўтгани эмас, келажакда тўғриликка, ҳалолликка интилаётганида!
Дилрабо Абдуҳамидова, мутахассис-мухбир, катта лейтенант.
