Эътироф. Оний лаҳзадаги жасорат
2026-09-24 00:15:00 / Янгиликлар

Оний лаҳзадаги жасорат, кутилмаган ҳушёрлик ва тўғри қарор бир инсоннинг тақдирини ўзгартириши мумкин. Яқинда Фориш туманида содир бўлган воқеа бу ҳақиқатни яна бир бор исботлади.
10 сентябрь куни соат тахминан 15:00 лар атрофида 33-мактабнинг 3-синф ўқувчиси Азизбек Эргашев туман марказининг Амир Темур кўчасидаги пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган эди. Шу пайт қарама-қарши томондан келаётган 1-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси Шаҳзод Ўткиров қора рангли «Gentra» русумли машинанинг юқори тезликда яқинлашаётганини кўрди. Шаҳзод иккиланиб турмади. У болакайнинг қўлидан маҳкам тутиб, уни йўлнинг хавфсиз қисмига олиб чиқди. Болакай нима бўлганини англаб ҳам улгурмади. Видеотасвирлар ижтимоий тармоқларда тарқалгач, жамоатчилик ёш болани фалокатдан қутқариб қолган ўсмирни олқишлай бошлади.
Кўпинча инсон хавфли вазиятга дуч келганда бир зум саросимага тушиб қолиши мумкин. Шу боис Шаҳзоднинг ҳаракатидаги энг эътиборли жиҳат — унинг тезкор қарор қабул қилгани бўлди. Акс ҳолда, бундай иккиланиш жуда қимматга тушиши мумкин эди.
Шаҳзод Ўткировнинг жасорати муносиб эътироф этилди. Вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ ЙҲХБ бошлиғи ҳамда Фориш тумани ҳокими у таҳсил олаётган мактабга ташриф буюриб, унга миннатдорлик билдирди, муносиб рағбатлантирди. Болакайнинг онаси ҳам кўзда ёш билан уни дуо қилди.
Албатта, бу воқеа ҳар биримиз учун сабоқ бўлиши баробарида, қатор саволларни туғдиради. Фарзандимиз мактабга кетаётганда унинг хавфсизлиги ҳақида ўйлаяпмизми? Ҳайдовчи сифатида мактаблар, боғчалар ва пиёдалар ўтиш йўлаклари яқинида тезликни пасайтиряпмизми? Пиёдалар ўтиш йўлагида инсон борлигини кўрсак, унга йўл беряпмизми? Фарзандларимизга йўлни қаердан ва қандай кесиб ўтишни етарлича тушунтиряпмизми?
Мазкур воқеа бўйича йўлда тезликни оширган автомобиль ҳайдовчисининг шахси аниқланиб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Автомобиль жарима майдончасига жойлаштирилди. Ҳайдовчи эса тез ҳаракатланганига сабаб сифатида укасининг қўли синиб қолгани ва уни зудлик билан шифохонага олиб кетаётганини билдирган. Шу ўринда яна бир савол туғилади: уканг — жигаринг экан, йўлдаги бошқа болалар ҳам кимнингдир жигарбанди эмасми?!
Абаттта, Форишдаги воқеанинг ижобий якунлангани қувонарли. Аммо унинг энг катта аҳамияти — бу ҳолат бизга ниманидир яна бир бор эслатганида: йўл хавфсизлиги фақат ЙҲХБ ходимларининг ёки ҳайдовчиларнинг вазифаси эмас, балки барчамизнинг умумий масъулиятимиздир.
© «Постда» газетаси, Муқаддас САПАРОВА, Жиззах вилояти.
