Янги таълим тизимини йўлга қўйиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди
2026-09-23 16:50:00 / Янгиликлар

Унда ички ишлар вазири ўринбосари Диёрбек Сатторов, “Янги Ўзбекистон” университети ректори Баҳодир Аҳмедов, академия бошлиғи Рустам Хатамов, шунингдек вазирлик соҳавий хизматлари раҳбарлари, таълим муассасалари мутасаддилари ва профессор-ўқитувчилари ҳамда онлайн форматда “Янги Ўзбекистон” университети вакиллари қатнашди.
Йиғилишда вазирлик таълим муассасалари фаолиятига жорий қилинаётган янгича ёндашувлар ва истиқболда кутилаётган натижалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, қарор билан кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз механизмини ўз ичига олувчи замонавий таълим кластери яратилмоқда. Хусусан, академияда “School” (мактаб) тизими йўлга қўйилиб, ўқув жараёнлари илғор хорижий ва миллий тажрибалар асосида тубдан такомиллаштириб борилади. Таълим ва амалиёт уйғунлигини кучайтириш мақсадида Ички ишлар вазирлигининг департамент (хизмат) бошлиқлари мактабларга бевосита раҳбарликни амалга оширади.
Бундан ташқари, ўқитишнинг кредит-модул тизимига ўтилиб, дуал таълим имкониятлари кенгайтирилади. Курсантлар биринчи курсдан бошлаб соҳавий хизматлар ва ҳудудий ички ишлар органларига бириктирилиб, назария ва амалиёт уйғунлиги янада кучайтирилади. Шу билан бирга, идоравий техникумлар ва академиядаги таълим жараёнлари тўлиқ интеграция қилинади.
Эътиборли жиҳати, эндиликда таълимни рақамлаштириш, курсантларнинг сунъий интеллект технологиялари бўйича билим ва кўникмаларини ошириш, шунингдек амалиёт ходимларининг касбий салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Мазкур йўналишда юқори малакали кадрлар тайёрлаш фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида академия бошлиғининг рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича ўринбосари лавозими жорий этилади. Шу билан бирга, “Smart-reyting” платформаси жорий қилиниб, профессор-ўқитувчиларнинг нуфузли миллий ва хорижий олий таълим муассасаларида мунтазам стажировка ўташи йўлга қўйилади.
Йиғилишда “Янги Ўзбекистон” университетида йўлга қўйилган энг илғор ёндашувлар тақдимот қилинди. Ўзаро ҳамкорликни кучайтириш орқали инновацион ютуқларни ўзлаштириш, замонавий тажрибаларни оммалаштириш, халқаро стандартлар асосида ўқув дастурларини янгилаш, тажриба алмашинувини изчил давом эттириш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек таълим муассасалари раҳбарлари ва масъулларга кадрлар тайёрлаш тизимини трансформация қилиш, таълим ва амалиёт узвийлигини янада кучайтириш, профессор-ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини ошириш, бошқарувнинг самарали механизмларини амалиётга татбиқ этиш, моддий-техник базани замон талаблари даражасида такомиллаштириш юзасидан топшириқлар берилди.
Йиғилиш якунида ички ишлар вазирининг академияда ташкил этилган мактабларга раҳбарлар тайинлаш тўғрисидаги буйруғи етказилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати









