Андижонда хавфсиз муҳитни таъминлаш: маҳаллабай профилактика, тезкор ҳамкорлик ва аҳолига яқин хизмат
2026-09-23 12:10:00 / Янгиликлар

Маҳалладаги осойишталик — оиланинг хотиржамлиги, аҳолининг эртанги кунга ишончи демакдир. Уни таъминлаш ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш, хавф омилларини бартараф этиш ва фуқаролар мурожаатларига тезкор муносабат билдиришни қамраб олган комплекс ёндашувни талаб этади.
Шу мақсадда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти бошлиғи томонидан Андижон вилоятида хавфсиз муҳитни мустаҳкамлаш, жиноятлар профилактикаси самарадорлигини ошириш ҳамда аҳолига хизмат кўрсатишни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган амалий ўрганишлар олиб борилмоқда.
Ўрганишлар марказида — маҳаллаларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг ўзаро уйғунлиги ва амалий натижадорлиги. Бунда профилактика чоралари, тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар фаолияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ҳамкорлиги ҳамда аҳоли билан мулоқот ягона тизимнинг узвий қисмлари сифатида кўриб чиқилди.
Маҳалла даражасидаги профилактиканинг таъсирчанлиги ҳудуддаги вазиятни чуқур билишга боғлиқ. Шу боис ўрганишларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ташкил этилган комплекс ишлар, уларнинг маҳаллаларда хавфсизликни таъминлашдаги ўрни таҳлил қилинди. Бундай ёндашув мавжуд хавфларни ўз вақтида аниқлаш ва профилактика чораларини ҳудуднинг эҳтиёжларига мувофиқ ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.
Тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар фаолияти ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ҳуқуқбузарликларга қарши ҳамкорликдаги ҳаракатларини комплекс ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хавф тўғрисидаги хабарнинг ўз вақтида қабул қилиниши, масъулларга етказилиши ва мувофиқлаштирилган ҳаракат билан давом эттирилиши фуқароларга тезкор ёрдам кўрсатишнинг муҳим шартидир.
Аҳоли гавжум жойлар ва кўп қаватли уйларнинг кириш қисмларига ташвиш тугмаларини ўрнатиш борасидаги ишлар кўриб чиқилди. Ушбу воситалар фуқарога хавф юзага келган пайтда ёрдам сўраш имконини беради. Уларнинг амалий самараси эса сигналга тезкор муносабат билдириш ва жойида зарур чораларни кўриш билан бевосита боғлиқ. Шу маънода, техник имконият ва хизматни ташкил этиш сифати бир-бирини тўлдириши зарур.
Ўрганишларнинг яна бир муҳим йўналиши аҳолига хизмат кўрсатиш офислари фаолияти бўлди. Уларнинг самарадорлигини ошириш, фуқаролар билан яқиндан мулоқот ўрнатиш ҳамда қўриқлаш хизматларидан фойдаланиш учун қулай шароит яратиш борасидаги ишлар ўрганилди. Хизмат кўрсатиш офислари аҳолининг хавфсизликка оид эҳтиёжларини аниқлаш, мурожаатларини тинглаш ва мақбул ечимларни таклиф этишда муҳим бўғин ҳисобланади.
Аҳоли билан бевосита мулоқот профилактика ишларини аниқ манзилга йўналтириш имконини беради. Фуқаролар билдирган муаммо ва таклифлар маҳалладаги ҳақиқий вазиятни англаш, эътибор талаб этаётган жойларни белгилаш ҳамда хизматларни кундалик эҳтиёжларга мослаштириш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Андижон вилоятида олиб борилаётган амалий ишлардан кўзланган мақсад — маҳалладаги профилактика, тезкор ҳаракат, техник қўриқлаш имкониятлари ва аҳоли билан мулоқотни ўзаро боғлиқ ҳолда ташкил этиш. Асосий мезон — фуқаронинг ўз маҳалласида, яшаш жойида ва жамоат жойларида хавфсизлигини ҳис қилиши, зарур пайтда эса тезкор ёрдам ва сифатли хизматдан фойдалана олишидир.









