Сирдарё томонларда. Янги ёндашувлар ва илғор амалиётлар
2026-09-22 23:00:00 / Янгиликлар

Эл-юрт тинчлиги ва фаровонлиги, энг аввало, инсон ўз маҳалласида, кўчасида ва хонадонида ўзини қанчалик хавфсиз ҳис қилиши билан ўлчанади.
Шу боис кейинги йилларда мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш стратегияси тубдан қайта кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш устувор вазифа этиб белгиланди.
Мазкур ислоҳотларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Ташпўлатов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Сирдарё вилоятида бўлиб, ҳудуддаги криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда соҳавий хизматлар фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги ишларни ўрганди.
Сирдарё туманидаги «Камолот» маҳалласида маҳалла еттилигининг ўзаро ҳамкорлиги, хусусан, профилактика инспекторининг муаммоли тоифадаги шахслар билан манзилли ишлаш ҳолати кўздан кечирилди.
Шунингдек, туман ИИБ Навбатчилик қисми фаолияти ҳамда ходимлар учун яратилган шароитлар таҳлил қилинди. Ҳар бир фуқаронинг мурожаатига тезкор ва самарали муносабат билдириш зарурлиги таъкидланди.
Янгиер шаҳридаги «Сунъий интеллект ва кибер марказ» фаолияти билан танишув жараёнида робототехника хоналари кўздан кечирилиб, ёшларнинг киберхавфсизлик бўйича билимларини оширишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти тингланди.
Шунингдек, ўрганишлар давомида бир қатор бошқа муҳим объектлар ҳам кўздан кечирилди.
Хусусан, Ховос туманидаги қурилиш ишлари жадал олиб борилаётган 8-сонли тергов ҳибсхонаси ҳамда туман ИИБдаги шароитлар ўрганилди.
Гулистон шаҳридаги «Обод юрт» маҳалласида нуронийлар билан очиқ мулоқот қилиниб, фуқаролик жамияти институтлари ва маҳалла фаоллари билан ҳамкорликнинг аҳамияти яна бир бор қайд этилди.
Вилоят ИИБда ЖТСБ ТВБСО учун янгидан барпо этилаётган маъмурий бино, «Динамо» спорт мажмуаси ҳамда автотураргоҳнинг моддий-техник базаси кўздан кечирилди.
Вилоят ИИБда ўтказилган йиғилишда соҳа раҳбарларига ҳудудлардаги криминоген вазиятни янада соғломлаштириш, мавжуд муаммоларни кечиктирмасдан, манзилли ҳал этиш ҳамда аҳоли осойишталигини таъминлаш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Энг асосийси, вилоятда жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича «Сирдарё тажрибаси»ни яратиш ҳамда уни амалиётга кенг жорий этиш юзасидан долзарб вазифалар белгилаб олинди.
© «Postda» газетаси, Феруз Йўлдошов
