ИИВ Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари Хитойдаги халқаро киберхавфсизлик семинарида иштирок этди
2026-09-22 10:00:00 / Янгиликлар

2026 йил 2–22 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси ИИВ Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари Хитой Халқ Республикасида Марказий Осиё давлатлари вакиллари учун ташкил этилган киберхавфсизлик бўйича семинарда иштирок этди.
Семинар доирасида электрон маълумотлар экспертизаси, рақамли далиллар билан боғлиқ ҳодиса жойини кўздан кечириш, мобил телефонларни криминалистик тадқиқ қилиш ҳамда маълумотлар базалари хавфсизлигини таъминлашнинг замонавий усуллари ўрганилди.
Шунингдек, жисмоний хавфсизлик, ташқи манбалар орқали юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларни аниқлаш ва офис муҳитида улардан ҳимояланиш масалалари муҳокама қилинди.
Алоҳида машғулотларда сунъий интеллект ва катта тил моделларидан фойдаланишга эътибор қаратилди. Жумладан, визуал маълумотларни таҳлил қилишда мультимодал катта тил моделларини қўллаш, ДеэпСеэк платформаси билан амалий ишлаш, сунъий интеллект ёрдамида тармоқ пакетларини таҳлил қилиш усуллари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, виртуал валюталарнинг асослари ва улар билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш, интернет маконида жамоатчилик фикрини таҳлил қилиш ва ахборот жараёнларини ўрганиш, ташқи портлар ва қурилмалардан хавфсиз фойдаланиш маданияти бўйича амалий билимлар берилди.
Семинар доирасида электрон полигонда имитацион отиш машғулотлари ҳам ташкил этилди. Бундан ташқари, замонавий шароитда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур ташриф мутахассисларининг киберхавфсизлик, рақамли криминалистика ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш соҳасидаги касбий билим ва амалий кўникмаларини янада такомиллаштиришга хизмат қилди.


