ИИВ 7536-ҳарбий қисмда «Энг яхши маънавий-маърифий ишлар тарғиботчиси» кўрик-танлови ўтказилди
2026-09-22 10:00:00 / Янгиликлар

Юксак маънавият — Ватан ҳимоячисининг қалқони, билим ва китоб эса унинг кучли қуролидир. Ана шу эзгу мақсадлар йўлида 7536-ҳарбий қисмда «Энг яхши маънавий-маърифий ишлар тарғиботчиси» кўрик-танлови ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январдаги 10-сон қарори ҳамда Ички ишлар вазирининг 2023 йил 11 мартдаги 121-сон буйруғи асосида ташкил этилган танловда ҳарбий хизматчилар билим, маҳорат ва ижодий ёндашув борасида ўзаро беллашдилар. Танлов жараёни кўтаринки руҳда кечди.
Ҳар бир иштирокчи ўз чиқишига пухта тайёргарлик кўрганини намоён этиб, маънавий-маърифий ишларни ташкил этишдаги тажрибаси, ташаббус ва ижодий ғояларини тақдим этди.
Иштирокчилар китобхонликни тарғиб қилиш, ёш ҳарбий хизматчиларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, миллий қадриятлар ва тарихий меросимизни кенг тарғиб этиш борасидаги фаолиятлари ҳақида сўз юритдилар.
Ўқилган асарлар, буюк аждодларимиз ҳаёти ва ибратли тарихий воқеалар ҳақидаги чиқишлар тадбирга алоҳида мазмун бағишлади.
Беллашув давомида иштирокчиларнинг нотиқлик маҳорати, мустақил фикрлаши, мавзуни ёритиш қобилияти ва тингловчилар эътиборини жалб эта олиши яққол намоён бўлди.
Ҳайъат аъзолари томонидан ҳар бир чиқиш мазмуни, янгича ёндашув ва амалий аҳамияти асосида баҳолаб борилди. Якунда фаол иштирокчилар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди.
Мазкур танлов 7536-ҳарбий қисмда маънавий-маърифий ишларни янада такомиллаштириш, китобхонликни ривожлантириш ва ҳарбий хизматчиларнинг маънавий салоҳиятини оширишга хизмат қилди.







