Ўзбекистон Республикаси ИИВ делегацияси Хитойда рақамли криминалистика технологиялари бўйича семинарда иштирок этди
2026-09-22 09:00:00 / Янгиликлар

2026 йил 7–20 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси Хитой Халқ Республикасининг Далян шаҳридаги Полиция институтида ташкил этилган «Рақамли криминалистика технологиялари» мавзусидаги семинарда иштирок этди.
Семинар доирасида рақамли далилларни тўплаш ва сақлашнинг норматив-ҳуқуқий асослари, файл тизимлари, шикастланган, ўчирилган ва шифрланган маълумотларни қайта тиклаш, компьютер хотираси тасвирларини таҳлил қилиш, шунингдек, Хитойда ишлаб чиқилган махсус аппарат-дастурий воситалар имкониятлари ўрганилди.
Мобил криминалистика йўналишида смартфонлар, планшетлар ва бошқа электрон қурилмалардан маълумотларни ажратиб олиш, шифрланган мессенжерлар ҳамда булутли сақлаш хизматларини таҳлил қилишнинг замонавий усуллари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, семинарда аудиоёзувларни шовқинлардан тозалаш, овоз бўйича шахсни идентификация қилиш, ёзувларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш, deepfake-аудио ва монтаж изларини фош этиш, шунингдек, фото ва видеотасвирларни идентификация ва верификация қилиш усуллари ўрганилди.
Мазкур семинар Ўзбекистон Республикаси ИИВ мутахассисларининг рақамли криминалистика, суд-экспертиза ва жамоат хавфсизлиги соҳасидаги касбий билим ва амалий кўникмаларини янада оширишга хизмат қилди.



