Жиззах вилоятида аҳоли бандлиги ва камбағалликни қисқартириш бўйича ишлар таҳлил қилинди
2026-09-21 14:30:00 / Янгиликлар

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари томонидан ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ҳамда фуқароларнинг доимий даромад манбаларини кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўрганишлар Пахтакор ва Зафаробод туманларида ўтказилди.
Пахтакор туманида туман ҳокимлигида ташкил этилган штаб фаолияти ўрганилиб, маҳаллалар кесимида амалга оширилаётган ишлар ҳолати таҳлил қилинди. Хусусан, ишсиз фуқароларни бандлигини таъминлаш, аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликка жалб этиш, томорқа ва мавжуд меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш, эҳтиёжманд оилалар даромадларини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, Зафаробод туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари иштирокида семинар ўтказилиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва фуқароларнинг даромад манбаларини кўпайтириш борасидаги ишлар таҳлил қилинди. Унда ишсиз фуқароларни доимий даромад манбаларига йўналтириш, тадбиркорлик имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда эҳтиёжманд оилаларни камбағалликдан чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганишлар давомида маҳаллаларда мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш, аниқланган муаммоларни жойида ҳал этиш, фуқаролар мурожаатларига манзилли ёндашиш ҳамда ҳар бир ишсиз фуқарони даромад манбаига йўналтириш зарурлиги таъкидланди.
Аниқланган масалалар юзасидан масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилиб, уларнинг ижросини таъминлашда маҳалла даражасидаги манзилли ишларни кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати









