Бухорода «Энг яхши психолог» кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиблари аниқланди
2026-09-21 10:15:00 / Янгиликлар

Бухоро вилояти ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган психологлар ўртасида «Энг яхши психолог» кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда жами 14 нафар инспектор-психолог қатнашиб, уч босқичда ўзаро беллашди. Дастлаб ходимларнинг ақлий салоҳиятини аниқлаш мақсадида психологик тестлар олинди. Иккинчи шартда соҳани ривожлантириш ҳамда янги ғояларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан тақдимотлар намойиш қилинган бўлса, якуний босқичда иштирокчиларнинг касбий билимлари махсус савол-жавоблар орқали синовдан ўтказилди.
Муросасиз кечган баҳслар якунига кўра биринчи ўринни Бухоро вилояти ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати катта психологи, катта лейтенант Абулфайз Неъматов эгаллади. Ғолиб ходим кўрик-танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини ҳамда уч миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. Иккинчи ўрин Бухоро вилояти ИИБ катта психолог-полиграфологи, катта лейтенант Самандар Чориевга насиб этди ва у икки миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Учинчи ўринни Бухоро тумани ИИБ инспектор-психологи, катта лейтенант Зарнигор Савриддинова эгаллаб, бир миллион сўм миқдоридаги пул мукофотига эга бўлди.
Бу каби танловлар ходимлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда психология соҳасида юқори натижаларга эришган мутахассисларни муносиб рағбатлантиришга хизмат қилади.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









