Эътироф. Ишонч юлдузлари
2026-09-19 15:20:00 / Янгиликлар

Бугун мамлакатимизда юрт тинчлиги, жамоат хавфсизлиги ва халқ осойишталигини таъминлашдек масъулиятли вазифани бажаришда хотин-қизларнинг ҳиссаси беқиёс. Уларнинг бурчига садоқати, ташаббускорлиги ва масъулиятли меҳнати давлатимиз томонидан юксак қадрланмоқда. Ана шундай фидойи ва ўз касбининг ҳақиқий мутахассисларидан бири — Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ахборот хизмати етакчи мутахассиси Дилноза Реджабовадир. Қарийб йигирма йилдан буён ички ишлар органлари тизимида хизмат қилиб келаётган бу аёлнинг босиб ўтган йўли, эришган ютуқлари ва энг муҳими — ёш авлод қалбида хавфсизлик маданиятини шакллантиришдаги тинимсиз меҳнати ходимлар учун муносиб ибрат мактабидир.
Дилноза Реджабованинг фаолияти марказида айнан шу эзгу ғоя — йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботи, аҳолига қоидаларни содда, тушунарли етказиш ҳамда ёшларда хавфсиз ҳаракатланиш кўникмаларини шакллантириш вазифаси мужассамлашган. Унинг ёндашуви қуруқ даъват ёки расмий топшириқлар ижросидан иборат бўлмай, балки болалар қалбига йўл топа оладиган, қоидаларни амалий ва кўргазмали усулда ўргатувчи лойиҳалар билан ажралиб туради. Жумладан, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги 441-сонли мактабгача таълим ташкилотида йўлга қўйилган махсус дастур бунга ёрқин мисолдир. Кичкинтойлар учун ўтказилаётган машғулотлар орқали улар кўчада хавфсиз ҳаракатланиш, пиёдалар ўтиш жойларидан тўғри фойдаланиш, светофор ишоралари ва йўл белгиларига амал қилишни қизиқарли ва ўйин тарзида ўрганмоқдалар. Болакайларнинг онгида шаклланган бу оддий кўникмалар келажакда минглаб кўнгилсизликларнинг олдини олиши шубҳасиз.
Дилноза Реджабованинг ташкилотчилик ва мураббийлик соҳасидаги меҳнатлари нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда ҳам юксак эътирофга сазовор бўлиб келмоқда. У бир неча йиллар давомида ўқувчи ёшлардан иборат йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботчилари гуруҳини сабр-тоқат ва юксак касбий маҳорат билан тарбиялаб келди. Бу тинимсиз меҳнатлар ўз маҳсулини берди: вакилларимиз 2024 йилда Қирғизистон ҳамда 2025 йилда Тожикистонда ўтказилган халқаро танловларда фахрли 2-ўринни эгаллаган бўлса, шу йилнинг август ойида Қозоғистон Республикасида ўтказилган «Ёш йўл ҳаракати инспекторлари» халқаро мусобақасида мутлақ зафар қучиб, 1-ўринни қўлга киритдилар. Бу ғалабалар ортида тунларни кунга улаб қилинган меҳнат, ёшлар қалбига сингдирилган ишонч ва юксак ватанпарварлик туйғулари мужассамдир.
Кўп йиллик самарали ва фидокорона хизмати, эришган натижалари ҳамда ўз хизмат вазифаларига бўлган юксак масъулияти инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига биноан, Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Дилноза Реджабова муносиб рағбатлантирилди — унга «полковник» махсус унвони берилди. Бу нафақат шахсий ютуқ, балки тизим тарихидаги муҳим воқеадир: Дилноза Реджабова Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати аёл ходимлари орасида биринчи бўлиб полковник махсус унвонига эришди. Бундан ташқари, у жорий йилда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари хотин-қизларининг V Республика форуми ғолиблари қаторидан муносиб ўрин олди.
- Муҳтарам Президентимиз ва вазирлигимиз раҳбарияти томонидан билдирилган бу юксак ишонч ва берилган «полковник» унвони зиммамдаги масъулиятни ўн чандон оширади. Мен бу эътиборни нафақат шахсий меҳнатимга, балки тизимда сидқидилдан хизмат қилаётган барча хотин-қизларимизга берилган юксак баҳо деб биламан. Халқимиз осойишталиги, йўлларда хавфсизликни таъминлаш ва жажжи фарзандларимиз онгида тартиб-интизом маданиятини шакллантириш йўлида куч-ғайратимни аямайман, — дейди лавҳамиз қаҳрамони.
Полковник Дилноза Реджабованинг фаолияти ички ишлар органларида хизмат қилаётган ҳар бир ходима учун, эзгулик ва бурчга садоқат билан яшашни мақсад қилган ҳар бир аёл учун чинакам ибрат намунасидир. Унинг йўлларда хавфсизлик маданиятини шакллантириш, болалар соғлиғи ва ҳаётини асрашга қаратилган эзгу ишлари — бугунги кунимиз тинчлиги ва келажагимиз осойишталиги учун қўшилаётган бебаҳо ҳиссадир. Елкасидаги полковниклик унвонининг заррин юлдузлари эса халқимиз ишончи ва Ватанимизга бўлган чексиз муҳаббатнинг ёрқин тимсоли бўлиб порлайверади.
Аброр Поёнов, катта мутахассис-мухбир, катта сержант
