Сирдарё вилояти. Ҳудуд янада хавфсиз, осуда бўлсин
2026-09-18 23:00:00 / Янгиликлар

Айни кунларда Сирдарё вилоятининг барча ҳудудларини қамраб олган муҳим тадбир — «Хавфсиз Сирдарё» профилактик ойлиги ўтказилмоқда. Вилоятнинг барча ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорлигида ташкил этилаётган ушбу ойлик жамоат тартиби ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш чораларини кучайтиришга қаратилган.
Эътиборлиси, профилактик тадбирлар кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Тадбирда криминоген вазияти мураккаб бўлган маҳаллаларда аҳоли билан учрашувлар ташкил этиш, низоли оилаларни яраштириш, пробация назорати ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги чораларини кучайтириш, гиёҳвандлик, ўғрилик, безорилик, киберфирибгарлик каби жиноятларга қарши курашиш, криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш режалаштирилган.
Ойлик доирасида вилоятнинг бир қатор ҳудудларида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Янгиер шаҳрида ўтказилган ана шундай ўрганишда вилоят ИИБ бошлиғи ва бошқа масъул раҳбарлар қатнашди. Дастлаб шаҳар мутасаддилари иштирокида «Янги Ўзбекистон» массивидаги еттилик фаолияти, жиноятчилик кўрсаткичлари, шунингдек, кузатув камералари билан қамраб олинганлик даражаси ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўздан кечирилди.
Ўрганишлар давомида массив Тошкент-Термиз автомагистрали бўйида жойлашгани, ёш болалар ва пиёдалар хавфсизлигини янада кучайтириш зарурлиги уқтирилди. Шунингдек, ҳудудда замонавий кузатув камералари сонини ошириш, уларни марказга интеграция қилиш чоралари белгиланди.
Сардоба тумани «Дўстлик» маҳалласида ўтказилган тарғибот тадбирининг бош мавзуси — ўғрилик ҳамда кибержиноятчиликнинг олдини олиш бўлди. Йиғилишда туман ҳудудида чорва моллари ўғрилиги билан боғлиқ жиноятлар ортиб бораётгани таъкидланди. Бунинг асосий сабаби сифатида фуқароларнинг ўз мол-мулкини қаровсиз қолдираётгани кўрсатилди.
Профилактик тадбирларда вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Улар томонидан жойларда жамоат хавфсизлигини сақлаш чоралари кучайтирилиб, аҳоли орасида кенг тушунтириш ишлари олиб бориляпти.
Жумладан, бошқарманинг ППХ ходимлари томонидан кўчалар, хиёбонлар, дам олиш масканлари, савдо мажмуаларида ўғрилик, товламачилик, киберфирибгарлик жиноятларининг келиб чиқиш моҳияти, уларга қарши курашиш чораларига бағишланган турли суҳбатлар ўтказиляпти. Аҳолига буклетлар ва бошқа тарғибот материаллари тарқатиляпти.
Вилоят ИИБ масъул раҳбарлари томонидан Боёвут туманининг «Наврўз» маҳалласида ўтказилган сайёр қабулда ўндан ортиқ мурожаатлар қабул қилинди.
Аҳоли билан қилинган мулоқот тезда ўз самарасини берди. Маҳалладаги электр, газ, ичимлик суви таъминотига оид айрим муаммолар бартараф этилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кўмак кўрсатилди. Бир неча ёшларнинг олий таълим олишга оид контракт тўловлари масаласи ҳал этилди.
Сайхунободнинг «Бахмалсой» маҳалласида ўтказилган тадбирда бир неча низоли оила аъзолари билан учрашилиб, туман ИИБ раҳбарияти томонидан маҳалла нуронийлари, фаоллари иштирокида оилалардаги ижтимоий муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди.
Вилоят ИИБ ЙҲХБ инспекторлари эса автобекатлар, корхона ва ташкилотлар, ўқув масканларида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишига оид турли учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этмоқда. Йўловчи ташиш, мопед ва скутерларда ҳаракатланиш, пиёдалар ҳаракатини тартибга солиш бўйича бир қанча назорат рейдлари ўтказилди.
© “Postda” газетаси, Абдураҳмон Мустафоқулов, Сирдарё вилояти.
