Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан профилактика инспекторлари билан очиқ мулоқот ўтказилди
2026-09-18 11:00:00 / Янгиликлар

Республикамизда ички ишлар идоралари фаолиятини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Жорий йилнинг 4 сентябрида Президентимиз томонидан қабул қилинган “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятига янгича ишлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-314-сонли Қарори бу йўлдаги саъй-ҳаракатларнинг узвий давомидир.
Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган Алишер Навоий номидаги Миллий кино санъати саройида шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаевнинг очиқ мулоқот шаклидаги учрашуви ана шу — Ички ишлар органлари фаолиятига бағишланган навбатдаги муҳим ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини шахсий таркибга етказишга қаратилди.
Унда туманлар ИИО ФМБ раҳбарияти, ҲПБ, ИИБ бошлиқлари, профилактика инспекторлари иштирок этишди.
Раҳбар ўз чиқишида пойтахт ҳудудида Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси шахсий таркиби томонидан жорий йилнинг 8 ойи давомида амалга оширилган ишлар сарҳисобига тўхталди.
Хусусан, туманлар кесимида ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш орқали шаҳар ҳудудида тинчлик-осойишталикни таъминлаш, хавфсиз шаҳар муҳитини шакллантириш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилиб, таҳлили натижасида аниқланган камчиликлар, йўл қўйилаётган сусткашликларга эътибор қаратилди.
Сўнгра Юртбошимиз томонидан қабул қилинган юқорида қайд этилган қарорнинг мазмун-моҳиятига тўхталиб, қарорда келтирилган бандлар шарҳлаб ўтилди.
Бандларда кўрсатилган вазифалар, юкланган ваколатлар Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати, профилактика инспекторларидан ўзгача ёндашув, масъулият, жавобгарлик кучайтирилишини талаб қилиши баробарида, ўз билим ва малакаларини ошириш, ўз устида мунтазам ишлаш кабиларни тақозо қилиши кўрсатиб ўтилди.
Учрашув сўнггида хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашиб, фуқаролар эътирофини қозониб келаётган, ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган бир гуруҳ профилактика хизмати ходимлари рағбатлантирилиб, хизмат вазифаларига совуққонлик билан ёндашган, хизмат интизомига риоя қилмаган ходимларга тегишли чоралар кўрилди.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати









