Бухоро шаҳрида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган танқидий йиғилиш ўтказилди
2026-09-18 10:00:00 / Янгиликлар

Бухоро давлат университетида вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи раислигида Бухоро шаҳридаги жиноятчилик аҳволи, унинг келиб чиқиш сабаблари ва олдини олиш чораларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосарлари, шаҳар ҳокими, прокуратура органлари масъуллари, шаҳардаги барча 65 та маҳалла еттилиги ҳамда жиноятчиликни олдини олишга масъул барча идора ва ташкилот раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг эмас, балки барча ҳамкор ташкилотлар, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш, Ёшлар ишлари агентлиги, маҳаллий ҳокимликлар ва кенг жамоатчиликнинг биргаликдаги муҳим қонуний вазифаси эканлиги алоҳида таъкидланди.
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида вилоят миқёсида қайд этилган жиноятларнинг асосий қисмини кибермакондаги ҳуқуқбузарликлар ташкил этмоқда. Шунингдек, вилоят бўйича олди олиниши лозим бўлган жиноятларнинг салмоқли қисми айнан Бухоро шаҳри ҳиссасига тўғри келаётгани қайд этилди.
Кун тартибидаги асосий масала — Бухоро шаҳрида безорилик жиноятларининг ортиш тенденсияси кескин танқид остига олинди. Ўтган йилга нисбатан безорилик ҳолатлари сезиларли даражада кўпайган бўлиб, вилоят бўйича содир этилаётган бундай жиноятларнинг қарийб ярми айнан вилоят марказида юз бермоқда.
Хусусан, ушбу жиноятлар энг кўп қайд этилган “С. Айний”, “Шайхон”, “Бехиштиён”, “Жўбор”, “Ж. Икромий”, “Р. Ҳамроев”, “Пиридастгир” ва “Шодлик” маҳаллаларидаги ҳолатлар юзасидан жиноятда гумонланувчи ва жабрланувчилар, уларнинг оила аъзолари иштирокида очиқ муҳокама ўтказилди.
Безорилик жиноятларида гумон қилинаётганларнинг аксарияти ёшлар ва талабалар эканлиги инобатга олиниб, таълим муассасалари раҳбарларига тарбиявий назоратни кучайтириш вазифаси юклатилди.
Қоидабузар талабалар бўйича олий таълим муассасаларига тегишли тақдимномалар киритилиши белгиланди ва ҳар қандай турдаги, хусусан, безорилик ҳолатлари Бухоро шаҳрига мутлақо ярашмаслиги қатъий уқтирилди.
Тадбир якунида масъул раҳбарлар билдирилган фикр-мулоҳаза ва танқидлардан хулоса қилган ҳолда, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш бўйича аниқ “йўл харитаси” ва кунлик иш режаларини ишлаб чиқиш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.
Шунингдек, бу каби муҳокамалар доимий равишда ўтказиб борилиши белгиланди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









