Пойтахтда хавфсиз муҳитни шакллантириш: замонавий ёндашувлар ва янги ташаббуслар амалиётга жорий этилмоқда
2026-09-18 09:00:00 / Янгиликлар

Қўриқлаш департаменти бошлиғи томонидан пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур ва Чилонзор туманларида аҳоли хавфсизлигини таъминлашнинг замонавий механизмларини кенг жорий этиш, «рақамли хавфсиз муҳит» тизимини такомиллаштириш, таълим муассасаларида қўриқлаш самарадорлигини ошириш ҳамда фуқароларга қўриқлаш хизматларининг имкониятларини замонавий ва инновацион усулларда тақдим этишга қаратилган ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганишлар доирасида, аввало, Шайхонтоҳур туманидаги Сузук ота маҳалласи ҳудудида хавфсиз муҳитни янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, тарихий ва маънавий аҳамиятга эга Сузук ота мақбараси, масжиди ва хиёбони атрофида фуқаролар ҳамда зиёратчилар учун хавфсиз шароит яратиш, ҳудудни замонавий техник қўриқлаш воситалари билан қамраб олиш, видеокузатув имкониятларидан самарали фойдаланиш, эҳтимолий хавф-хатарларни эрта аниқлаш ва тезкор чора кўриш механизмларини кучайтириш бўйича мавжуд ҳолат танқидий ўрганилди.
Масъулларга мазкур ҳудудда хавфсизлик инфратузилмасини ягона тизим асосида такомиллаштириш, замонавий рақамли технологиялар ва техник қўриқлаш воситаларини босқичма-босқич жорий этиш, аҳоли гавжум нуқталарда профилактик ва тезкор чоралар самарадорлигини ошириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, Самарқанд дарвоза ҳудуди ҳамда Себзор ва Абдулла Қодирий кўчалари кесишмаларида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қўриқлаш хизматларини янада яқинлаштириш мақсадида янги форматдаги «Сеcуритй Оффиcэ» хизмат кўрсатиш офисларини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Мазкур офислар анъанавий хизмат кўрсатиш нуқтасидан фарқли равишда, қўриқлаш хизматларининг барча турлари ҳақида замонавий форматда маълумот бериш, техник қўриқлаш воситалари имкониятларини намойиш этиш, фуқаролар ва тадбиркорларга объект ёки хонадон хусусиятидан келиб чиққан ҳолда мақбул хавфсизлик ечимларини таклиф қилишга ихтисослаштирилиши кўзда тутилмоқда.
Бу орқали қўриқлаш хизматини аҳолига яқинлаштириш, мурожаатдан хизматни расмийлаштиришгача бўлган жараёнларни соддалаштириш ва соҳада замонавий сервис маданиятини шакллантириш мақсад қилинган.
Ўрганиш ишлари Чилонзор туманида ҳам давом эттирилди. Хусусан, тумандаги 202-сонли умумтаълим мактабида янги тартиб асосида ташкил этилган қоровуллик хизмати, таълим муассасаси ҳудудига кириш-чиқишни бошқариш ва назорат қилиш тизимлари, шунингдек, хавфсизликни таъминлашга жалб этилган техник воситаларнинг ишлаш жараёни кўздан кечирилди.
Таълим муассасалари хавфсизлиги фақат қоровуллик постини ташкил этиш билан чекланмаслиги, балки мактаб ҳудуди, кириш йўлаклари, ўқув жараёни ва фавқулодда ҳолатларга тезкор муносабат билдириш механизмларини қамраб олган яхлит хавфсизлик тизими асосида йўлга қўйилиши лозимлиги таъкидланди.
Шу нуқтаи назардан, кириш-чиқишни бошқариш, видеокузатув, тезкор хабар бериш воситалари ҳамда қўриқлаш нарядларининг ўзаро интеграциялашган ҳолда ишлашига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, мактабда Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган, ўқувчиларни учувчисиз учиш аппаратларини бошқариш ва замонавий технологиялардан фойдаланишга ўргатишга ихтисослаштирилган синф фаолияти билан ҳам танишилди.
Мазкур ташаббус ёш авлодда замонавий технологияларга қизиқишни ошириш, уларни рақамли билим ва амалий кўникмаларга йўналтириш билан бир қаторда, келгусида хавфсизлик соҳасида интеллектуал ва технологик ечимлардан фойдалана оладиган малакали кадрларни шакллантириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Ўрганишлар якунида ҳар бир ҳудуд ва объект бўйича мавжуд имкониятларни чуқур таҳлил қилган ҳолда, хавфсизликни таъминлашга замонавий, манзилли ва технологик ёндашувларни кенг жорий этиш, қўриқлаш хизматларини аҳоли учун янада қулай ва очиқ форматда ташкил этиш ҳамда янги лойиҳаларни амалиётга тезкор татбиқ қилиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Бугунги кунда хавфсизликни таъминлаш фақат содир бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликка жавоб қайтариш билан эмас, балки замонавий технологиялар, рақамли назорат, тезкор бошқарув ва профилактик ёндашувлар орқали хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш ва бартараф этиш билан белгиланмоқда.
Пойтахт ҳудудларида амалга оширилаётган мазкур ишлар ҳам аҳоли осойишталигини таъминлаш, таълим муассасаларида ишончли хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда қўриқлаш соҳасини замонавий технологиялар ва сифатли сервис асосида янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.





