Франция Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ўзбекистондаги вакили Сирил Гу Тошкентда фаолиятини бошлади
2026-09-18 09:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Франция Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ўзбекистондаги вакили Сирил Гунинг Тошкентдаги фаолиятини бошлаши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Халқаро ҳамкорлик бошқармаси раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Сирил Гу Франция Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Марказий Осиё давлатларининг ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун масъул этиб белгиланганини маълум қилди.
Шунингдек, унинг фаолиятини Тошкент шаҳрида олиб бориши Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Мулоқот давомида Франция ва Ўзбекистон ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, хусусан, ходимларнинг малакасини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда юқори даражадаги ўзаро ташрифларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ҳамкорликни янада жадаллаштириш ва мавжуд алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича биргаликда иш олиб боришга келишиб олдилар.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Халқаро ҳамкорлик бошқармаси раҳбарияти Сирил Гуга масъулиятли фаолиятида муваффақият тилади.
