Пойтахтда хавфсиз муҳитни мустаҳкамлаш йўлида тизимли ёндашув: Миробод туманида Қўриқлаш департаменти бошлиғи раҳбарлигида комплекс амалий ишлар давом эттирилмоқда
2026-09-17 10:15:00 / Янгиликлар

Бугун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти бошлиғи, полковник Қобил Шодибеков Тошкент шаҳрининг Миробод туманида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, «рақамли хавфсиз муҳит»ни шакллантириш ҳамда фуқароларнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Ўрганишлар давомида аввал берилган топшириқларнинг ижроси, амалга оширилган чора-тадбирларнинг натижадорлиги ва ҳудуддаги мавжуд вазият танқидий-таҳлилий муҳокама қилиниб, ишларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.
Хусусан, Фурқат боғи ва унга туташ ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратиш, видеокузатув ва бошқа замонавий техник воситалар имкониятларидан самарали фойдаланиш, хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ҳамда уларга тезкор муносабат билдириш тизими ўрганилди.
Ҳудудда «Хавфсиз кўча – хавфсиз йўлак» тамойили асосида аҳоли гавжум жойлар, кўчалар ва пиёдалар ҳаракатланадиган йўналишларни замонавий кузатув камералари ҳамда ташвиш тугмалари билан қамраб олиш, уларни ягона бошқарув ва тезкор чора кўриш тизимига интеграция қилиш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, Фитрат маҳалласида профилактика инспекторининг кунлик фаолияти, ҳудуддаги криминоген вазиятни таҳлил қилиш, муаммоларни манзилли аниқлаш ва профилактик чораларнинг амалий натижадорлиги кўриб чиқилди. Ҳар бир ҳуқуқбузарликнинг сабаб ва шарт-шароитларини чуқур таҳлил қилиш, хавф омилларини олдиндан аниқлаб, уларни бартараф этишга қаратилган ишларни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, тумандаги 158-сонли умумтаълим мактабида хавфсизликни таъминлаш бўйича йўлга қўйилган ишлар ўрганилди. Хусусан, мактаб ҳудудини қўриқлаш, фавқулодда ва шубҳали ҳолатларда тезкор ҳаракат қилиш масалаларига эътибор қаратилди. Мактабнинг тунги қоровули билан йўриқнома ўтказилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ҳаракат қилиш тартиби тушунтирилди. Шунингдек, тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ ходимларининг мактаб хавфсизлигини таъминлашдаги ҳаракатлари ўрганилиб, уларнинг чақирув ва хавфли вазиятлар юзага келганда тезкор чора кўришга тайёрлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Ички ишлар органлари ходимлари учун муносиб хизмат ва маиший шароитлар яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Профилактика инспектори учун барпо этилаётган хизмат уйидаги қурилиш-таъмирлаш ишларининг ҳолати кўздан кечирилиб, объектни сифатли якунлаш, зарур инфратузилма ва қулай шарт-шароитларни тўлиқ яратиш бўйича мутасаддиларга тегишли вазифалар белгиланди.
Якунда ҳудудда хавфсизликни таъминлаш ишларини рақамли технологиялар, манзилли профилактика ва тезкор бошқарув механизмлари билан уйғунлаштириш, аҳоли учун хавфсиз муҳитни маҳалладан бошлаб ҳар бир кўча ва йўлак кесимида таъминлаш асосий мезон бўлиши лозимлиги таъкидланди.








