Криминология соҳасида Ўзбекистон ва Япония илмий-тадқиқот муассасаларининг ҳамкорлигини йўлга қўйиш бўйича янги келишув имзоланди
2024-09-18 11:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Япония Адлия вазирлигининг Далилларга асосланган сиёсатни ишлаб чиқиш департаменти, Илмий-тадқиқот ва малака ошириш институти, шунингдек, Нагоя иқтисодиёт университети раҳбар ва мутахассис ходимларидан иборат делегация Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институтига ташриф буюрди.
Делегация аъзоларига Ўзбекистон Криминология институтининг ташкил этилиши, мақоми, фаолиятининг устувор йўналишлари ва эришган илмий натижалари ҳақида маълумот берилди.
Учрашув давомида Ўзбекистон Криминология институти ва Япония Адлия вазирлиги Илмий-тадқиқот ва малака ошириш институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича англашув меморандумини имзолаш, шунингдек, 2024–2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш шунингдек, Ўзбекистон Криминология институти томонидан ҳар йил ўтказиладиган, хусусан жорий йилнинг 29-30 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган «Жаҳон криминологиясининг илғор тажрибалари» мавзусидаги халқаро форумда Япония Адлия вазирлиги Илмий-тадқиқот ва малака ошириш институти бошлиғи ва етакчи криминолог олимларини иштирок этишини таъминлаш, Япония Адлия вазирлиги Илмий-тадқиқот ва малака ошириш институти етакчи криминолог олимларини Ўзбекистон Криминология институти ҳузуридаги Халқаро экспертлар кенгаши аъзолигига киритиш каби қатор келишувларга эришилди.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган музокаралар натижасида криминология соҳасида илмий ҳамкорлик чора-тадбирларини келгусида белгиланган тартибда амалга ошириш масаласини ишлаб чиқишга келишилди.


