Жиззах вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан хизмат объектларида олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ўрганилди
2026-09-14 10:00:00 / Янгиликлар

Айни кунларда Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси тизимида қатор қурилиш, реконструкция ва ободонлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бу бунёдкорликлар, аввало, тизим ходимларининг самарали ва муносиб хизмат қилиши учун зарур шароитларни яратиш, ички ишлар органларининг замонавий қиёфасини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан қурилиши давом этаётган бир қатор объектлар кўздан кечирилиб, улардаги ишлар жараёни атрофлича ўрганилди.
Жумладан, ИИВ ҳузуридаги «Динамо» жисмоний тарбия ва спорт жамияти Жиззах вилояти кенгаши биносидаги ободонлаштириш ишлари билан танишди.
Масъулларга қурилиш меъёрлари ва техник талабларга қатъий риоя қилиш, таъмирлаш ишларини сифатли ташкил этиш ҳамда биноларни замонавий талаблар асосида жиҳозлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Бунда ички ишлар органлари ходимларининг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароитларни яратиш, спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш муҳим вазифалардан бири экани қайд этилди.
Бундан ташқари Шароф Рашидов тумани Куёвбоши маҳалласида барпо этилаётган меҳмонхона қурилиши билан ҳам танишди. Объектда олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари, бинонинг тайёрлик даражаси ҳамда кейинги босқичда амалга ошириладиган вазифалар юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Масъулларга қурилиш ишларини сифатли якунлаш, ҳудудни ободонлаштириш ишларини изчил давом эттириш ҳамда ходимлар учун муносиб ижтимоий-маиший шароитларни таъминлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати









