Тўмарис издошлари. Дилфузанинг ҳаёт қоидаси
2026-09-13 12:30:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизлар нафақат ўз вазифасини сидқидилдан бажармоқда, балки спорт соҳасида юксак натижаларга эришмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ТВБСО мутахассис-фельдшери, сержант Дилфуза Айимбетова шундай шижоатли ходимлардан биридир.
Оиланинг кенжатойи бўлиб улғайган Дилфуза табиатан эпчил, хушчақчақ ва қатъиятли эди. Катта опаси Улмекеннинг изидан бориб, спортнинг эркин кураш турига меҳр қўйди. Мураббийи Айнура Жапақованинг ўгит ва кўрсатмаларини қунт билан бажарган Дилфузанинг дастлабки қадамлариёқ юқори натижалар бера бошлади. Нукус олимпия коллежи ҳамда Ажинияз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг Жисмоний тарбия факультетидаги таҳсил йиллари эса у учун чинакам маҳорат мактабига айланди. Бу даврда у аввал Қорақалпоғистон, кейинчалик эса мамлакат миқёсидаги нуфузли мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритиб, тенгдошларига ўрнак бўлди.
Олий таълим муассасасининг сўнгги босқичида ўқиб юрган кезларида Дилфуза акаси Ниязимбет каби ички ишлар органлари тизимида хизмат қилишни аҳд қилди. Бу ният уни 2023 йилда Тошкент шаҳридаги Сержантлар тайёрлаш олий мактабига етаклади. Ўқишни муваффақиятли тамомлагач, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ТВБСОда хизмат фаолиятини бошлади.
Касбий фаолиятни ва спортни бирдек олиб бораётган матонатли қиз эркин кураш бўйича 15 карра Қорақалпоғистон, 10 карра Ўзбекистон чемпиони ҳисобланади. Қолаверса, Ислом бирдамлик ўйинлари, БРИКС мусобақаси ҳамда Ўрта Осиё ўйинларида ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ўртасида ўтказиладиган спорт мусобақаларида ҳам Дилфуза Айимбетова доимо фаол. Хусусан, 2025 йилда Тошкент вилоятида ўтказилган нуфузли «Тўмарис издошлари» мусобақасида у жамоавий таркибда фахрли 2-ўринни эгаллади.
- Спорт инсонни нафақат жисмонан соғлом бўлишга, балки мураккаб вазиятларда сабр-бардошли, интизомли ва қатъиятли бўлишга ўргатади. Ана шу ҳаётий тамойиллар кундалик хизматимиз билан уйғунлашса, аҳолининг ҳақиқий ишончига эришиш мумкин. Мен доимо шу қоидага амал қилишга интиламан, — дейди қаҳрамонимиз суҳбат сўнгида.
Дилфуза Айимбетова сингари шижоатли, ўз касби ва Ватанига содиқ қизларнинг борлиги юртимиз тинчлиги ҳамда келажагимиз ишончли қўлларда эканидан далолат беради.
Азамат Пирниязов, ўз мухбиримиз.
Қорақалпоғистон Республикаси
