Бухорода хизмат объектлари ва маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича вазифалар белгиланди
2026-09-13 11:55:00 / Янгиликлар

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг тегишли топшириқлари ҳамда давлатимиз раҳбарининг соҳага оид қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда ўрганишлар ўтказилди.
Ташрифлар давомида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Бухоро академик лицейи, вилоят ИИБ Тиббиёт бўлими, ЖХХ ЖТСБ Патруль-пост хизмати батальони ҳамда янги ИИБ маъмурий биносида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари, ходимларнинг хизмат шароитлари ҳамда объектларнинг моддий-техник базаси кўздан кечирилди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, объектлардаги қурилиш ишларини белгиланган муддатларда ва сифатли якунлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ҳамда ходимлар учун муносиб хизмат шароитларини таъминлаш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, Вобкент туманидаги «Мўминобод» маҳалласида «маҳалла еттилиги» билан мулоқот ўтказилиб, ҳудуддаги ижтимоий-маънавий муҳит, хавфсизлик ва ободонлаштириш ишлари ҳолати ўрганилди. Унда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг оқибати билан эмас, балки уларни келтириб чиқараётган сабаб ва шарт-шароитлар билан курашиш зарурлиги таъкидланди.
Маҳаллада «хонадонбай» ишлашни самарали ташкил этиш, аҳоли муаммоларини жойида ҳал қилиш, хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан индивидуал профилактик ишларни кучайтириш, шунингдек, видеокузатув камералари қамровини кенгайтириш бўйича вазифалар белгиланди.
Ташрифлар доирасида тунги хизматга жалб қилинган ходимлар иштирокида йўриқнома ўтказилиб, пиёда патрулликни кучайтириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
Якунлари бўйича хизмат объектларидаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларини сифатли ташкил этиш, маҳаллада хавфсиз муҳитни таъминлаш ҳамда аҳоли билан манзилли ишлашни кучайтириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









