Тошкент вилояти суди биносида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди
2026-09-13 09:55:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириғига асосан жорий йилнинг 11 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг мажлислар залида Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилнозахон Каттахонова иштирокида, шунингдек, ҳудудларда офлайн шаклда фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилди.
Мазкур тадбирнинг Тошкент вилоятидаги қисми Тошкент вилояти суди биносида бўлиб ўтиб, унда «Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш» мавзусида фуқароларнинг мурожаатлари, уларни қийнаётган муаммолар ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
Очиқ мулоқотда Тошкент вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нилуфар Нормирзаева, Тошкент вилояти ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Маъмура Абдуллаева, вилоят прокуратураси вакиллари, соғлиқни сақлаш тизими масъуллари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси вакиллари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар масъуллари иштирок этди.
Мулоқот давомида фуқароларнинг хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, оилавий муносабатлар, ижтимоий кўмак, ҳуқуқий масалалар ҳамда бошқа йўналишлардаги мурожаатлари тингланди.
Ҳар бир мурожаат масъул ташкилотлар вакиллари томонидан тегишли тартибда ўрганилиб, фуқароларга амалдаги қонунчилик доирасида зарур тушунтириш ва ҳуқуқий тавсиялар берилди.
Ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар жойида ижобий ечим топган бўлса, қўшимча ўрганишни талаб этадиган мурожаатлар бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Бундай очиқ мулоқотларнинг ташкил этилиши фуқароларнинг, хусусан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва амалий ечим топиш, давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги очиқ ва самарали мулоқотни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тошкент вилояти ИИББ томонидан ҳам хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш ҳамда мурожаатлар билан манзилли ишлаш борасидаги чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати






