Инсон қадри учун. “Шодлигимнинг чеки йўқ“
2026-09-12 23:00:00 / Янгиликлар

Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида Навоий вилоятида узоқ йиллар яшаб, турли соҳаларда фидокорона меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи ID-карталар тантанали равишда топширилди.
Улар орасида татар миллатига мансуб Анас Валиахметов ҳам бор. Бугун 61 ёшни қарши олган бу инсон 2017 йилда тақдир тақозоси билан Россиядан Ўзбекистонга кўчиб келган. Шундан буён унинг ҳаёти Навоий замини билан чамбарчас боғланди.
Йиллар давомида ҳалол ишлаб, жамиятда ўз ўрнини топди. Қўлига энг улуғ, энг азиз байрам арафасида шу юртнинг фуқароси эканлигини тасдиқловчи ҳужжатни топширишганида:
- Кўнглимдан кеча-ётган туйғуларни ифодалашга сўз тополмаяпман. Шодлигимнинг чеки йўқ. Шу топда Ўзбекистон заминида ўтказган ҳаётим кўз олдимда гавдаланяпти. 2017 йилда Навоий вилоятига келганимда бу юртда бутунлай яшаб қолишимни, вақти келиб шу мамлакатнинг фуқароси мақомини олишимни тасаввур ҳам қилмаган эдим. Ўзбекистон менга ўз бағридан жой берди. Бундан буён ҳам унга муносиб бўлишга ҳаракат қиламан, — деди ҳаяжонини яшира олмай.
© “Postda” газетаси, Маҳлиё Холова, Навоий вилояти.
