Фидокорона хизмат Давлат раҳбари томонидан муносиб эътироф этилди
2026-09-11 23:00:00 / Янгиликлар

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида меҳнат қилаётган хотин-қизлар юрт тинчлиги, жамоат хавфсизлиги ва халқ осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Уларнинг касбига садоқати, ташаббускорлиги ва масъулиятли меҳнати давлатимиз томонидан юксак қадрланиб, уларга муҳим вазифалар ишониб топширилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги тизимида қарийб 20 йилдан буён хизмат қилиб келаётган Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ахборот хизмати етакчи мутахассиси подполковник Дилноза Реджабова ўзининг касбий маҳорати ва масъулиятли ёндашуви билан алоҳида эътирофга сазовор бўлиб келмоқда.
Унинг фаолиятида йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботи, аҳолига қоидаларни тушунарли етказиш ва ёшларда хавфсиз ҳаракатланиш кўникмаларини шакллантириш муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда болаларга йўл ҳаракати қоидаларини амалий ва кўргазмали усулда ўргатишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, бир неча йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси ўқувчи ёшлардан иборат йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботчилари гуруҳини тарбиялаб, 2024 йилда Қирғизистон ҳамда 2025 йилда Тожикистонда ўтказилган халқаро танловларда фахрли II ўринларни, 2026 йилнинг август ойида эса Қозоғистон Республикасида ўтказилган “Ёш йўл ҳаракати инспекторлари” халқаро мусобақасида I ўринни эгаллашга эришган.
Шунингдек, Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 441-сонли мактабгача таълим ташкилотида болалар учун махсус дастур асосида машғулотлар ўтказилиб, уларга кўчада хавфсиз ҳаракатланиш, пиёдалар ўтиш жойларидан фойдаланиш, светофор ишоралари ва йўл белгиларига амал қилиш қоидалари қизиқарли шаклда тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилди.
Кўп йиллик самарали хизмати, эришган натижалари ва хизмат вазифаларига масъулиятли ёндашуви инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига биноан, Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Дилноза Реджабова рағбатлантирилди ҳамда унга «полковник» махсус унвони берилди.
Ички ишлар вазири бошчилигида ўтказилган тадбирда унга мазкур унвон тантанали равишда топширилди.
Полковник Дилноза Реджабованинг фаолияти, хусусан, йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботи ва болалар ўртасида хавфсизлик маданиятини шакллантиришга қўшаётган ҳиссаси ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизларнинг касбий фаолиятига муносиб мисолдир.
