Юксак мукофот соҳиблари. Ватанимга садоқат билан хизмат қиламан!
2026-09-11 16:10:00 / Янгиликлар

Осойишталикни таъминлаш, инсонлар хавфсизлигини асраш ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш масъулияти ҳар бир ички ишлар ходимидан садоқат ва матонатни талаб этади. Бу йўлда йиллар давомида сидқидилдан хизмат қилиб, касбига ва бурчига содиқ қолган ходимлар меҳнати муносиб эътироф этилмоқда.
Давлатобод тумани ИИБ ЖХХ ЖТСБ Патруль-пост хизмати бўлинма командири, сафдор Камолиддин Раҳимов ҳам ана шундай фидойи ходимлардан.
Камолиддин хизмат вазифаларига масъулият билан ёндашади. Берилган топшириқларни ўз вақтида бажариши, касбий маҳорати билан ҳамкасблари ўртасида ибрат кўрсатмоқда. Айниқса, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва тезкор-профилактик тадбирлардаги фаол иштироки эътиборга лойиқ. У ўз тажрибасини ёш ходимларга ўргатиб, «Устоз-шогирд» анъаналарини давом эттириб келмоқда, — дейди туман ИИБ бошлиғи, подполковник О. Хўжақулов.
2007 йилдан буён ички ишлар органларида хизмат қилаётган К.Раҳимов икки йилдирки, Давлатобод тумани ИИБда бўлинма командири сифатида фаолият юритиб, шахсий таркиб хизматига раҳбарлик қилиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш вазифаларини бажармоқда.
Жорий йилда бўлинма шахсий таркиби билан ҳамкорликда қидирувда бўлган 2 нафар шахс ушланди, 3 та очилмаган ўғрилик жинояти фош этилди, наркотик моддалар муомаласи билан боғлиқ 2 та жиноят аниқланди, 1100 дан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар фош этилди.
Сафдор Камолиддин Раҳимов учун жамоада интизомни таъминлаш, ходимларни касбга садоқат руҳида тарбиялаш ва ҳар қандай вазиятда тўғри қарор қабул қилиш муҳим мезонлардан. Ана шу мезонларга оғишмай амал қилган қаҳрамонимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига кўра, «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.
- Хизматда ҳушёрлик, интизом ва жамоавий ҳамжиҳатликни биринчи ўринга қўямиз. Мукофот мен учун катта шараф, айни пайтда, зиммамдаги масъулиятни янада чуқурроқ ҳис этишга ундайди, — дейди у.
Ҳар бир касбнинг ўз шарафи бор. Ички ишлар ходими учун бу шараф — одамлар ишончини оқлашда намоён бўлади. Камолиддиннинг хизмат йўли ҳам ана шу ишончни асраш, берилган вазифани сидқидилдан бажариш ва жамоат осойишталигига дахлдорлик туйғуси билан йўғрилган.
Жаҳонгир Тўхтасинов, ўз мухбиримиз.
Наманган вилояти
