Сирдарёда профилактика инспекторлари фаолияти таҳлил қилиниб, устувор вазифалар белгиланди
2026-09-11 15:00:00 / Янгиликлар

Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Сардор Мирзараимов раҳбарлигида жорий йилнинг ўтган саккиз ойи давомида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишида амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган танқидий-таҳлилий муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Йиғилиш аввалида бошқарма бошлиғи томонидан давлатимиз раҳбарининг ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятига янгича ишлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги тегишли қарори мазмун-моҳияти ходимларга етказилиб, унда белгиланган устувор вазифаларни жойларда ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Шундан сўнг ҳудудий профилактика инспекторларининг саккиз ой давомида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, алоҳида тоифадаги шахслар, низоли оилалар, вояга етмаганлар, ишсиз ва ижтимоий муаммоли фуқаролар билан манзилли ишлаш, шунингдек, мурожаатлар билан ишлаш самарадорлиги танқидий-таҳлилий руҳда муҳокама этилди.
Йиғилиш давомида айрим ҳудудларда йўл қўйилган камчиликларнинг сабаблари танқидий кўриб чиқилиб, уларни бартараф этиш, профилактик ишларни манзилли ва натижадор ташкил этиш бўйича тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Бошқарма бошлиғи ҳар бир профилактика инспектори ўзига бириктирилган ҳудуддаги криминоген вазиятни чуқур таҳлил қилиши, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни содир этишга мойил шахслар ҳамда муаммоли оилалар билан индивидуал ишлашни кучайтириши, жиноят содир этилишига олиб келувчи омилларни барвақт аниқлаб, уларни бартараф этиш чораларини кўриши лозимлигини таъкидлади.
Йиғилиш якунида хизмат фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйган айрим ходимлар қатъий огоҳлантирилиб, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Шу билан бирга, ўз хизмат вазифаларини виждонан бажариб, ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли билан манзилли ишлаш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ профилактика инспекторлари бошқарма бошлиғининг пул мукофотлари билан рағбатлантирилди.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати








