ИИВ раҳбарияти томонидан Наманган вилоятида хавфсизлик ва осойишталикни таъминлаш борасидаги ишлар танқидий-таҳлилий ўрганилди
2026-09-11 10:55:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Баходир Мирзарахимов Наманган вилоятида бўлиб, ҳудудда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, хусусан, транспорт объектларида хавфсизлик чораларини кучайтириш, жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш ҳамда ички ишлар органларида хизмат интизоми ҳолатини танқидий-таҳлилий ўрганди.
Ўрганишлар давомида транспорт объектларида фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга ўз вақтида барҳам бериш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, темир йўл вокзаллари, бекатлар ва бошқа транспорт инфратузилмаси объектларида жамоат тартибини сақлаш, профилактик тадбирларни тизимли ташкил этиш, видеокузатув воситаларидан самарали фойдаланиш ҳамда содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш борасидаги ишлар таҳлил қилинди.
Генерал-майор Баходир Мирзарахимов транспорт объектларида хавфсизликни таъминлаш масаласига юзаки ёндашмаслик, мавжуд муаммоларни чуқур таҳлил қилган ҳолда уларнинг аниқ ечимларини белгилаш, профилактик чораларни кучайтириш бўйича масъул раҳбарларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берди.
Шунингдек, вилоятда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди. Айниқса, жиноятларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, профилактик ҳисобда турган шахслар билан манзилли ишлаш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда содир этилган жиноятларни тезкор ва сифатли фош этиш масалаларига урғу берилди.
Таҳлиллар жараёнида айрим йўналишларда ишларни ташкил этишда камчиликларга йўл қўйилаётгани кўрсатиб ўтилди. Аниқланган муаммоларни бартараф этиш, натижадорликни ошириш ва ҳар бир раҳбарнинг шахсий масъулиятини кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ташриф давомида ички ишлар органларида хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш масаласи ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Ходимларнинг хизмат вазифаларига масъулият билан ёндашиши, фуқаролар билан мулоқотда хушмуомалалик ва касбий одоб қоидаларига риоя этиши, коррупция ва хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларига мутлақо муросасиз муносабатда бўлиш зарурлиги таъкидланди.
Генерал-майор Баходир Мирзарахимов ички ишлар органлари ходимларининг хизмат интизоми жамоат хавфсизлигини таъминлашда муҳим омил эканини таъкидлаб, раҳбарлардан қўл остидаги ходимлар фаолиятини доимий назорат қилиш, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ва хизмат интизомини мустаҳкамлаш чораларини кўришни талаб қилди.
Ташриф якунида транспорт объектларида хавфсизликни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини янада ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва хизмат интизомини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Белгиланган чора-тадбирларнинг ижросини таъминлаш, аҳоли осойишталигини асраш ва ҳудудда хавфсизлик муҳитини янада мустаҳкамлаш ички ишлар органларининг устувор вазифаси сифатида қайд этилди.



