Тошкент шаҳри туманларида тунги хизмат фаолияти самарадорлиги ўрганилди
2026-09-11 10:25:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари полковник Рустам Мирзаев ҳамда ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси масъуллари томонидан Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Мирзо Улуғбек ва Яккасарой туманларида тунги хизматга жалб этилган ходимларнинг хизмат фаолияти ўрганилди. Ўрганишлар давомида патруль-пост ва жамоат тартибини сақлаш йўналишида хизмат олиб бораётган ходимларнинг белгиланган вазифаларни қай даражада бажараётгани, хизмат интизоми ва қонунийлик талабларига риоя этишига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, тунги вақтда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат жойларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шубҳали ҳолатларга ўз вақтида муносабат билдириш ҳамда хизматга жалб этилган ходимларнинг ҳушёрлиги ва масъулияти назорат қилинди. Ходимларнинг хизматга тайёргарлиги, хизмат кийими ва зарур жиҳозлар билан таъминланганлиги, берилган топшириқларнинг ижроси ҳамда фуқаролар билан мулоқот маданияти бўйича тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Ўрганиш якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, тунги хизмат самарадорлигини янада ошириш, хизмат интизоми ва ички назоратни кучайтириш юзасидан масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилди. Шу билан бирга, ходимларнинг коррупцияга қарши иммунитетини мустаҳкамлаш, хизмат ваколатларидан фойдаланишда қонунийлик ва ҳалоллик тамойилларига қатъий риоя этиш, аҳоли осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш борасидаги масъулиятини ошириш муҳимлиги таъкидланди.



