Минтақавий хавфсизлик йўлида яна бир муҳим қадам: Остонада Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ички ишлар вазирларининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди
2026-09-11 08:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 10 сентябрь куни Остона шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ички ишлар вазирларининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг, хусусан Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия ички ишлар вазирликлари делегациялари, шунингдек, тегишли халқаро ва минтақавий тузилмалар вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир доирасида дастлаб делегация раҳбарлари Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев қабулида бўлдилар.
Учрашувда бугунги мураккаб геосиёсий шароитда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, замонавий таҳдид ва чақириқларга қарши самарали чора кўришда туркий давлатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Қозоғистон Президенти Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликнинг изчил ривожланаётганини қайд этиб, трансмиллий жиноятчиликка қарши курашишда ҳамжиҳатлик ва мувофиқлаштирилган ёндашувларни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида тажриба ва тезкор ахборот алмашинувини кенгайтириш, замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш ҳамда хавфсизлик соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги амалий ташаббуслар билан бойитиш муҳимлиги қайд этилди.
Учрашувдан сўнг, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ички ишлар вазирларининг учинчи йиғилиши ўз ишини бошлади.
Йиғилиш кун тартибида жиноий таъқибдан яшириниб юрган шахсларни, шунингдек бедарак йўқолган фуқароларни қидириш борасида ҳамкорликни янада кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда давлатлар ички ишлар органлари ўртасида маълумот алмашинувини тезлаштириш, қидирув тадбирларини мувофиқлаштириш ва бундай шахсларни аниқлаш ҳамда топиш самарадорлигини ошириш муҳим вазифа сифатида қайд этилди.
Шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятларга қарши курашиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Айниқса, рақамли муҳитда содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга тезкор муносабат билдириш ва давлатлар ўртасида керакли ахборот билан тезкор алмашиш механизмларини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Ноқонуний букмекерлик фаолияти ва қимор ўйинлари билан боғлиқ жиноятларга қарши курашишда ҳамкорликнинг аниқ ва самарали механизмларини ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.
Экстремизм ва терроризм, шунингдек трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш масаласи ҳам йиғилишнинг устувор йўналишларидан бири бўлди. Ушбу таҳдидларнинг чегара билмас хусусиятидан келиб чиқиб, тезкор ахборот алмашинуви, қўшма чора-тадбирларни мувофиқлаштириш ва ички ишлар органлари ўртасида амалий ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Одам савдоси ва мигрантларни ноқонуний олиб ўтишнинг олдини олиш ҳамда бундай жиноятларга чек қўйиш масалаларига тўхталиб ўтилди. Тартибга солинмаган миграцияга қарши курашишда маълумот алмашинувини кучайтириш, ноқонуний миграция ва у билан боғлиқ жиноятларнинг тарқалишига замин яратаётган омилларни бартараф этиш, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида мувофиқлаштирилган чораларни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилишда яна бир муҳим ташаббус — Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи давлатлар ўртасида Жиноятчиликка қарши курашиш кенгашини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Мазкур тузилмани ташкил этиш бўйича Битим лойиҳасини тайёрлаш ва уни ТДТ Ички ишлар вазирларининг навбатдаги йиғилишида имзолаш учун киритиш масалалари юзасидан тегишли таклифлар билдирилди.
Муҳокамалар давомида мазкур ташаббуслар туркий давлатлар ўртасида хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги ҳамкорликни институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш, умумий таҳдидларга қарши биргаликда ва тизимли чора кўриш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Тадбир якунида эришилган келишувларни мустаҳкамлаш ва уларнинг амалий ижросини таъминлашга қаратилган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ички ишлар вазирларининг учинчи йиғилиши Қўшма коммюникеси имзоланди.
Йиғилиш натижаларига кўра иштирокчи давлатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни уйғунлаштиришга келишиб олинди.









