ИИВ таълим муассасаларида. Янги ўқув йили ва замонавий имкониятлар
2026-09-10 23:00:00 / Янгиликлар

Ҳар бир давлатнинг истиқболи, энг аввало, вояга етаётган авлоднинг салоҳияти билан белгиланади. Чунки замонавий билимга, юксак тафаккурга ва Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусига эга ёшлар мамлакат тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир.
Мустақиллик байрами арафасида ИИВ Ихтисослаштирилган мактаб-интернатида кенг кўламли бунёдкорлик ва янгиланиш ишлари амалга оширилди. Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан таълим даргоҳида 500 ўринли замонавий ётоқхона биноси фойдаланишга топширилди.
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов янги ўқув йилининг илк кунида мазкур таълим масканига ташриф буюриб, ўқувчилар учун яратилган шароитлар, ўқув жараёнига тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишди.
Мактаб-интернатда математика, рус ва инглиз тиллари билан бирга, давр талаби бўлган сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бўйича ҳам ихтисослаштирилган замонавий синфхоналар ташкил этилган. Янги ўқув йилидан бошлаб нафақат анъанавий фанлар, балки рақамли технологиялар ва келажак касблари бўйича ҳам чуқурлаштирилган машғулотлар йўлга қўйилди.
500 ўринли янги ётоқхона фақатгина яшаш жойи эмас, ўқувчиларнинг шахсий ва жамоавий фазилатларини камолга етказувчи яхлит мажмуа ҳам. Бу ерда ташкил этилган психологик тренинг ва руҳий енгиллаштириш хоналари ўқувчиларда руҳий ва жисмоний зўриқиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Шунингдек, маънавият ва машғулот хоналари, ахборот-ресурс маркази ёшларнинг бўш вақтини мазьмунли ўтказиш, мустақил изланиш, китобхонлик салоҳиятини оширишга қаратилган. Ўқувчилар соғлиғини доимий назорат қилиб бориш ва тиббий хизмат кўрсатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Ички ишлар органлари учун малакали ва фидойи кадрларни тайёрлаш жараёни айнан мактабдан бошланади. Бугунги ўқувчи эртага жамоат хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда Ватан тинчлигини асрашдек шарафли вазифаларни ўз зиммасига олади. Шу сабабли ёшларда темир интизом, қатъият, жасорат, жамоада ишлаш кўникмаси ва касбий масъулиятни шакллантириш таълим жараёнининг бош мезони этиб белгиланган.
Ташриф давомида Ички ишлар вазири ўқувчиларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишини таъминлаш, жисмоний тайёргарлигини ошириб бориш ҳамда бу жараёнга малакали мураббийларни кенг жалб этиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.
© “Postda” газетаси, Феруз Йўлдошов.
