Юксак мукофот соҳиблари. Ота дуоси ижобат бўлган кун
2026-09-09 13:40:00 / Янгиликлар

Хизмат вазифасини бажараётган инспекторнинг уяли телефони кетма-кет жиринглади. У жавоб беришга шошилмади, айни пайтда телефондан кўра назорат муҳим эди. Чорраҳа, ҳаракат, хавфсизлик — унинг бутун диққат-эътибори шунга қаратилган.
Кўп ўтмай, ижтимоий тармоқларда расмий хушхабар тарқалди: Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ йўл-патруль хизмати инспектори, кичик сержант Улуғбек Донишев «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланди. Шундан сўнг телефон қўнғироқлари тинмади. Ҳамкасблари, дўстлари, яқинлари табриклашди. Аммо энг таъсирли ва ҳаяжонли лаҳза — бу хушхабарни отасига етказган дақиқалар бўлди. Бу — ота дуоси ижобат бўлган кун эди.
Жиззах шаҳрида туғилиб ўсган Улуғбек ички ишлар органларидаги фаолиятини 2003 йилда қўриқлаш йўналишида бошлаган. 2019 йилдан буён эса Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида хизмат қилиб келмоқда. Шундан бери унинг деярли ҳар бир куни йўлларда ўтмоқда.
Хизмат давомида турли кутилмаган вазиятлар учрайди. Бир сафар Самарқанд вилоятига тегишли автомашина Жиззах вилояти ҳудудида йўл-транспорт ҳодисасига учрайди. Воқеа жойига зудлик билан етиб борган кичик сержант Улуғбек Донишев машинадаги аёлнинг аҳволи оғирлигини кўриб, вақтни бой бермай, уни тезда шифохонага етказади. Натижада аёлнинг ҳаёти сақлаб қолинади.
Орадан вақт ўтиб, ўша аёлнинг турмуш ўртоғи Улуғбекни излаб ишхонасига келади. Рафиқасига кўрсатилган тезкор ёрдам, инсонпарварлик ва эътибор учун миннатдорлик билдиради.
Улуғбек Донишев йўл ҳаракати хавфсизлигининг фаол тарғиботчиси сифатида Жиззах шаҳридаги 1-сонли мактабга масъул қилиб бириктирилган. Ўқувчиларга нафақат йўл ҳаракати қоидаларни ўргатади, балки уларга амал қилиш инсон ҳаётини асрашнинг муҳим шарти эканини тушунтиради. Унинг: «Йўлдан ўтишда эҳтиёт бўл, болам», деган оддий ва самимий ўгити эса ўқувчиларда хавфсизлик кўникмаларини шаклланишига замин ҳозирлайди.
- Ҳар бир ҳамкасбим шундай эътирофга лойиқ, — дейди қаҳрамонимиз. — Чунки фаолиятимизнинг ҳар бир куни халққа хизмат қилиш, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг манзилларига эсон-омон етиб боришларига кўмаклашишдан иборатдир.
Суҳбат сўнгида Улуғбек Донишев истеъфодаги полковник Ҳусан Холқўзиевга ва барча фахрийларга алоҳида миннатдорлик билдирди. Устозларидан касб сирларини ўрганганини, уларнинг ғамхўрлиги ва сабоқлари фаолиятида муҳим ўрин тутганини таъкидлади.
Муқаддас Сапарова, ўз мухбиримиз.
Жиззах вилояти
