Бухоро вилояти Жондор туманида Президент қарори ижроси доирасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари таҳлил қилинди
2026-09-09 13:00:00 / Янгиликлар

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Жондор туманида бўлиб, Давлатимиз раҳбарининг ПҚ-1 сонли қарори доирасида ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, хавфсиз муҳитни яратиш ҳамда ишсизликни бартараф этиш масалаларини танқидий-таҳлилий ўрганди. Ўрганишлар давомида аҳоли бандлигини таъминлаш ижтимоий-криминоген вазиятни барқарорлаштиришнинг энг асосий омили эканлигига эътибор қаратилди.
Ўтказилган йиғилишда ҳуқуқбузарликларнинг юзага келишига сабаб бўлувчи асосий омил — ишсизликни қисқартириш масаласида банк ва бандлик идоралари фаолияти муҳокама қилинди. Жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида ишсиз фуқаролар ва олийгоҳ битирувчиларини касб-ҳунарга ўқитиш, уларни кредит ва субсидиялар орқали барқарор даромад манбаига эга қилиш бўйича масъулларга қатъий вазифалар юклатилди. Қоғоздаги ҳисоботлардан воз кечиб, ҳар бир оила билан аниқ «хонадонбай» ишлаш жамоат хавфсизлигининг кафолати эканлиги таъкидланди.
Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг самарали амалиёти «Ушот» маҳалласи мисолида кўриб чиқилди. Бу ерда 150 дан зиёд хотин-қизларни қамраб олган «Ҳунарманд, тадбиркор хотин-қизлар маркази» ташкил этилгани эҳтиёжманд оилаларни ҳалол меҳнатга йўналтиришда муҳим қадам бўлди. Шунингдек, маҳалладаги оғир шароитда яшаётган ва камбағаллик ёқасида турган оилаларга субсидиялар ажратилиши ҳамда ижтимоий муҳофазага олиниши орқали ҳудудда жиноятчилик содир этилишининг олди олинмоқда.
Ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида «Баҳористон», «Нурафшон» ҳамда «Обод» маҳаллаларида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Мазкур маҳаллаларда кўплаб янги иш ўринлари яратилиши билан бир қаторда, кўчаларда тунги ёритиш чироқлари ўрнатилиши ва пиёдалар йўлаклари барпо этилиши кўзда тутилган. Бу ўз навбатида, ҳудудларда қоронғи ва қаровсиз жойларни йўқотиб, фуқаролар учун хавфсиз ва обод муҳитни яратишга хизмат қилади.
Йиғилиш якунида барча мутасаддилар ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига ижтимоий реестрдаги оилалар билан манзилли ишлаш, яратилаётган юзлаб янги иш ўринларига айнан ишсиз ёшларни жойлаштириш орқали туманни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









