Сайёҳлар хавфсизлигини таъминлашда замонавий қўриқлаш хизматларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди
2026-09-09 12:30:00 / Янгиликлар

Бугун Тошкент шаҳар Қўриқлаш хизмати биносида Қўриқлаш департаменти бошлиғи, полковник Қобил Шодибеков ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Суҳробжон Бобокалонов иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда мамлакатимизга ташриф буюраётган хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг шахсий хавфсизлигини ишончли таъминлаш, улар учун хавфсиз, қулай ва барқарор туристик муҳит яратиш борасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда туризм соҳасининг жадал ривожланиши, мамлакатимизга келаётган хорижий меҳмонлар сони ва туристик йўналишлар кўламининг кенгайиб бориши хавфсизликни таъминлаш бўйича замонавий ва манзилли ёндашувларни татбиқ этишни тақозо этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Қўриқлаш департаменти ва Туризм қўмитаси раҳбарияти ўртасида сайёҳларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган манзилли дастурлар, аниқ чора-тадбирлар ҳамда уларни амалга оширишнинг самарали механизмлари атрофлича кўриб чиқилди.
Хусусан, туристик оқим юқори бўлган ҳудудлар, тарихий ва маданий мерос объектлари, меҳмонхоналар, дам олиш масканлари ҳамда сайёҳлик йўналишларида замонавий қўриқлаш хизматларини босқичма-босқич жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув давомида Қўриқлаш департаменти томонидан амалиётга жорий этилган янги хизмат турлари ва уларнинг имкониятлари тақдим этилди. Жумладан, жисмоний шахсларни қўриқлашга мўлжалланган тансоқчилик хизматидан хорижий сайёҳлар, расмий делегациялар, бизнес вакиллари ва мамлакатимизга турли мақсадларда ташриф буюрувчи меҳмонларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлашда самарали фойдаланиш масаласи муҳокама қилинди.
Мазкур хизмат сафар давомида шахс хавфсизлигини таъминлаш, эҳтимолий хавф-хатарларни олдиндан баҳолаш, ҳаракатланиш йўналишларида зарур хавфсизлик чораларини ташкил этиш ҳамда фавқулодда вазиятларда тезкор чора кўриш имконини бериши билан аҳамиятли экани қайд этилди.
Шу билан бирга, туристик объектларда қўриқлашнинг техник воситалари, замонавий видеокузатув тизимлари, тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар ва бошқа технологик ечимларни кенг қўллаш орқали хавфсизликнинг комплекс тизимини шакллантириш бўйича таклифлар билдирилди.
Учрашувда туризм соҳасида хавфсизликни таъминлаш фақат алоҳида объект ёки шахсни қўриқлаш билан чекланмаслиги, балки сайёҳ мамлакатимизга кириб келган пайтдан бошлаб унинг бутун саёҳати давомида хавфсиз ва ишончли муҳитни ҳис этишига хизмат қилиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Бунда туристик йўналишлар кесимида хавф-хатарларни таҳлил қилиш, туристик объектлар ва инфратузилмаларни ўрганиш, зарур жойларда қўриқлаш хизматларини кучайтириш, тезкор алоқа ва муносабат билдириш механизмларини йўлга қўйиш масалалари муҳим аҳамият касб этади.
Қайд этилганидек, замонавий туризмда хавфсизлик мамлакатнинг халқаро нуфузи ва туристик жозибадорлигини белгиловчи асосий мезонлардан бири ҳисобланади. Сайёҳ учун яратилган хавфсиз ва хотиржам муҳит унинг мамлакат ҳақидаги ижобий таассуротини мустаҳкамлайди, Ўзбекистонга қайта ташриф буюриш истагини оширади ҳамда юртимизни ишончли туристик манзил сифатида тарғиб этишга хизмат қилади.
Шу маънода, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган замонавий механизмларни жорий этиш нафақат ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик соҳасидаги вазифа, балки мамлакатимиз туристик салоҳиятини янада ошириш, халқаро туризм бозорида рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг ижобий имижини юксалтиришга қаратилган муҳим омил сифатида баҳоланди.
Мулоқот якунида Қўриқлаш департаменти ва Туризм қўмитаси ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, туристик йўналишлар кесимида манзилли дастурларни ишлаб чиқиш, замонавий қўриқлаш хизматларини жорий этиш ҳамда сайёҳлар учун хавфсизликнинг ишончли ва самарали тизимини шакллантириш бўйича ҳамкорликдаги ишларни изчил давом эттиришга келишиб олинди.
Зеро, сайёҳнинг хавфсизлиги — унинг мамлакатга бўлган ишончи, бу ишонч эса Ўзбекистоннинг халқаро туристик жозибадорлиги ва нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти Ахборот хизмати



