Мамлакатимизга Германия Федерал Канцлерининг расмий ташрифи доирасида, Самарқанд шаҳрида Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг Германия Федератив Республикаси Ички ишлар ва ватан вазири Ненси Фезер хоним билан учрашуви бўлиб ўтди
2024-09-16 13:00:00 / Янгиликлар

Тадбир жараёнида, томонлар икки мамлакат ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик сўнги йилларда босқичма-босқич ривожланиб бораётганлигига тўхталиб ўтдилар.
Мазкур ижобий натижалар, жумладан, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан ташкил этилаётган ҳуқуқшунослик ва профилактикага оид семинар-тренинглар, Марказий Осиё ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш лойиҳаси доирасидаги тажриба алмашуви билан боғлиқ тадбирлар, шунингдек Германия Жиноий полиция Федерал идорасининг Марказий Осиё бўйича вакили Олаф Ворбс билан икки томонлама учрашув ва ҳамкорликдаги амалий тадбирларда намоён бўлмоқда.
Учрашувда таъкидланганидек, сўнги йилларда Ўзбекистонга ташриф буюраётган чет эл фуқароларига қулайликлар яратиш мақсадида, 81 та хорижий мамлакат, шу жумладан, Германия фуқароларига Ўзбекистонда 30 кунгача визасиз бўлиш имконияти жорий этилган.
Бунинг натижасида юртимизга ташриф буюраётган Германия фуқаролари сони йилдан йилга ортиб бормоқда, масалан, 2022 йилда уларнинг сони 40 мингни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг 8 ойида бу кўрсаткич 51 минг нафардан ошган. Ўз навбатида, Германияда доимий ишлаб ва яшаб келаётган Ўзбекистон фуқароларининг сони 2 минг нафардан ошган.
Куни кеча олий даражадаги учрашувлар доирасида имзоланган «Миграция ва мобиллик тўғрисида»ги ҳукуматлараро Битим ҳам келгусида фуқароларимизнинг ўзаро ташрифлари жадаллашувига хизмат қилишига алоҳида урғу берилди.
Учрашув давомида томонлар, кибержиноятчиликка қарши самарали курашиш ва рақамли криминалистикани ривожлантириш, шунингдек кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалаларида тажриба алмашинуви доирасида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар.
Тадбир дўстона ва конструктив руҳда ўтганлиги ҳамда яқин келажакда ижросини кутаётган истиқболли вазифалар белгилаб олинганлиги идора раҳбарлари томонидан алоҳида эътироф этилди.
ИИВ Халқаро ҳамкорлик бошқармаси



