Замон билан ҳамнафас. Ақлли технологиялар — осойишталик хизматида
2026-09-08 23:00:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда ички ишлар органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг кенг жорий этилиши нафақат вақтни тежашга, балки вазифалар ижросининг сифати ва тезкорлигини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.
«Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегияси асосида Қашқадарё вилояти ички ишлар органларида рақамлаштириш, бошқарувни такомиллаштириш ва жамоат хавфсизлигини кучайтиришга қаратилган қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жиноятларни эрта аниқлаш ва профилактика қилишда электрон таҳлил тизимларидан самарали фойдаланилмоқда.
Шунингдек, «маҳаллабай», «хонадонбай» ва «фуқаробай» ишлаш тизими рақамли мониторинг асосида йўлга қўйилди. Тергов ва процессуал ҳаракатларни электрон юритиш, рақамли ҳужжат айланмасини амалиётга жорий этиш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилиб, ходимларнинг билим ва тажрибаси бойитилди.
Чунончи, вилоят ички ишлар органларининг кундалик фаолиятига 40 дан ортиқ идоравий ахборот тизими жорий этилган. Улар фуқароликни расмийлаштириш, паспорт-виза хизмати, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, тезкор маълумотлар, криминалистика, ташкилий ҳамда тергов йўналишларини қамраб олган.
Қолаверса, ҳозирга қадар «Қалқон» платформасига вилоят бўйича 8016 та видеокузатув камераси интеграция қилинди. Ушбу техник воситаларнинг 817 таси 360 градусли PTZ, 1436 таси юз қиёфасини, 1656 таси эса авторақамларни таниб олувчи интеллектуал камералардир.
Шу билан бирга, йил бошидан вилоятдаги бозорлар, аҳоли гавжум масканлар ва криминоген вазияти оғир маҳаллаларга жами 2385 та камера (шундан 83 таси 360 градусли PTZ, 1340 таси юз ва авторақамни таниб олувчи кузатув камералари) ўрнатилди. Бу борадаги ишлар жадал давом эттирилмоқда.
Профилактика хизмати ходимларини рақамли қурилмалар билан таъминлаш доирасида 852 та планшет ажратилди. Уларнинг 16 таси хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор-психологлар фаолияти самарадорлигини оширишга йўналтирилган.
Бу аҳоли билан ишлаш, мурожаатларни тезкор қабул қилиш ҳамда профилактик тадбирларни рақамли тарзда юритиш имкониятини кенгайтирмоқда.
Профилактика ва жамоат тартибини сақлаш соҳасида очиқлик ҳамда хизмат интизомини кучайтириш мақсадида ППХ ходимлари замонавий бодикамералар билан тўлиқ таъминланган.
Шаҳар-туман ИИБларида 25 та алоҳида махсус хона ташкил этилиб, кузатув камералари ўрнатилди. Ушбу камералар вилоят ИИБ навбатчилик қисми ҳамда ИИВнинг Тезкор бошқарув марказига уланган.
Эътиборли жиҳати, айни вақтда вилоят ички ишлар органларининг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини сунъий интеллект технологиялари асосида бирлаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Умуман олганда, тизимга ахборот технологияларини кенг жорий этиш борасидаги ишлар бесамар кетмаяпти. Жорий йилнинг ўтган даврида 654 та жиноят ахборот технологиялари ёрдамида фош этилиб, қидирувда бўлган 423 нафар шахс ушлангани бунинг яққол тасдиғидир.
Жасур Тўраев, Қашқадарё вилояти ИИБ Рақамли технологиялар ва ҳуқуқий статистика хизмати Рақамли технологиялар бўлими бошлиғи, майор.
