Сирдарё вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан жиноятчилик профилактикаси, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича танқидий-таҳлилий йиғилиш ўтказилди
2026-09-08 10:00:00 / Янгиликлар

Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Сардор Мирзараимов раҳбарлигида вилоятда жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ҳамда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан танқидий-таҳлилий йиғилиш ўтказилди.
Видеоконференсалоқа шаклида ташкил этилган йиғилишда вилоятдаги барча шаҳар ва туман ички ишлар органлари раҳбарлари, масъул ходимлар иштирок этди.
Йиғилиш давомида жорий йилнинг 8 ойи мобайнида ҳудудларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар билан бир қаторда, хизмат фаолиятида йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам батафсил муҳокама қилинди.
Айниқса, жиноят содир этилишининг олдини олиш, муаммоли оилалар ва профилактик ҳисобда турувчи шахслар билан манзилли ишлаш, содир этилган жиноятларнинг сабаб ва омилларини бартараф этиш, шунингдек, фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ва қонуний кўриб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хизмат фаолиятида сусткашликка йўл қўйган, топшириқлар ижросини таъминлашда камчиликларга эга бўлган масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилиб, иш самарадорлигини ошириш, аниқланган муаммоларни тезкор бартараф этиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймаслик юзасидан қатъий чоралар белгиланди.
Йиғилиш якунида ҳудудларда криминоген вазиятни барқарор сақлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш сифатини янада ошириш ҳамда аҳолининг ички ишлар органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш борасида масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати





