Наманган давлат университетининг Юридик факультетида янги ўқув йили муносабати билан «Раҳбар ва ёшлар учрашуви» бўлиб ўтди
2026-09-08 09:00:00 / Янгиликлар

Бугун республикамизнинг барча ҳудудларида 2026/2027-ўқув йилининг бошланишига бағишланган тантанали тадбирлар ўтказилди.
Шу муносабат билан Наманган давлат университетининг Жаҳон тиллари ҳамда Юридик факультетлари ўқув биносида «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» шиори остида «Раҳбар ва ёшлар учрашуви» ташкил этилди.
Унда Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудирининг ўринбосари, университетнинг биринчи проректори, факультет декани, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Учрашувда иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий табрикланиб, истиқлол йилларида олий таълим, илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш, ёшларнинг сифатли билим олиши ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида фикр билдирилди.
Шунингдек, замонавий билим ва касбий кўникмаларга эга, мустақил фикрлайдиган, ватанпарвар ва ташаббускор ёшларни тарбиялаш олий таълим муассасаларининг устувор вазифаларидан экани кўрсатиб ўтилди.
Наманган вилояти ИИБ бошлиғи ва Халқ қабулхонаси мудирининг ўринбосари талаба-ёшларни янги ўқув йили билан самимий қутлаб, уларга билим олиш йўлида қатъиятли бўлиш, яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш, ўз олдига юксак мақсадлар қўйиб, келажакда Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшадиган етук мутахассис бўлиб вояга етишларини тилади.
Тадбир давомида олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида юқори натижаларга эришиб, Наманган давлат университетига талабаликка тавсия этилган бир гуруҳ иқтидорли ёшлар алоҳида эътироф этилиб, уларга китоблар совға қилинди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати









