Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлиги: Қашқадарё вилояти ИИБда устувор вазифалар белгилаб олинди
2026-09-08 09:00:00 / Янгиликлар

Йиғилишга ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи, полковник Тимур Исмаилов раислик қилди. Қашқадарё вилояти ички ишлар органлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги, пробация хизматлари ҳамда соҳавий хизматлар раҳбарлари иштирок этди.
Ҳисобот йиғилишлари танқидий-талабчан ва принципиал руҳда ўтказилиб, ҳар бир йўналиш кесимида эришилган натижалар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар чуқур таҳлил қилинди.
Хусусан, криминоген вазият, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлиги, жамоат тартибини таъминлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги, пробация хизмати фаолияти, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этиш ҳолати атрофлича муҳокама қилинди.
Ўтказилган таҳлиллар натижасига кўра, Қашқадарё вилоятида жиноятларнинг олдини олиш ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Шу билан бирга, айрим йўналишларда мавжуд камчиликлар кескин танқид қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан, вилоятда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида манзилли профилактика сифатини ошириш, профилактик ҳисобда турган шахслар билан ишлаш самарадорлигини кучайтириш, давлат ҳокимияти органлари ва жамоатчилик билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишлар якунига кўра, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, жамоат тартибини мустаҳкамлаш, йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш, профилактик ва пробация ҳисобида турган шахслар билан ишлашни такомиллаштириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Белгиланган вазифалар ижроси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан алоҳида назоратга олинди.
ИИВ ЖХД Ахборот хизмати





