Миллий ўзлик, инсон қадри ва халқ фаровонлиги — 35 йиллик мустақил тараққиёт мезонлари
2026-09-07 17:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлигида навбатдаги «Маънавият ва маърифат соати» ўтказилди. Унда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқининг мазмун-моҳиятини кенг ёритишга бағишланган ўқув семинари ташкил этилди.
Тадбирда вазирлик раҳбарияти, таклиф этилган меҳмонлар ҳамда шахсий таркиб иштирок этди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармалари шахсий таркиби ҳам видеоселектор орқали қатнашди.
Семинар аввалида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга бағишланган видеоролик намойиш этилди. Унда мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичи, инсон қадрини таъминлаш ва халқ фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ўзгаришлар ўз ифодасини топди.
Маърузаларда мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳаётида рўй берган туб ўзгаришлар, миллий давлатчилик асосларининг мустаҳкамланиши, инсон қадрини улуғлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантириш, ёш авлод учун муносиб имкониятлар яратиш борасида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Хусусан, фалсафа фанлари доктори, профессор Жалолиддин Юсубов «Уч минг йиллик илдиз ва Учинчи Ренессанс: тарихий ворислик, миллий ўзлик ва маънавий мерос» мавзусида маъруза қилиб, халқимизнинг бой тарихи ва маънавий мероси Янги Ўзбекистон тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
Профессор Зебо Қосимованинг «Инсон қадри 35 йиллик ислоҳотларнинг ўлчови: эркинлик, билим, соғлиқ ва ёшлар» мавзусидаги маърузасида эса инсон манфаатларини таъминлаш, билимли ва рақобатбардош авлодни тарбиялаш, ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи, социология фанлари доктори, профессор Сухроб Хидиров «Миллий юксалиш ўн йиллиги: етти миллий дастур яхлит тизим сифатида ва нутқнинг бош ғоялари» мавзусида маъруза қилиб, мамлакатимиз тараққиётининг устувор йўналишлари ҳамда уларни амалга оширишда жамиятнинг фаол иштироки хусусида фикр юритди.
Тадбир давомида Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тайёрланган «Ўзбек келяпти» видеоклипи ҳам намойиш этилди.
Семинарда давлатимиз раҳбарининг байрам нутқида илгари сурилган ғояларни ички ишлар органлари шахсий таркибига чуқур етказиш, ходимларда Ватан тақдирига дахлдорлик, миллий ғурур ва юксак маънавий масъулият туйғусини янада мустаҳкамлаш муҳим экани қайд этилди.
Зеро, ўттиз беш йиллик мустақил тараққиёт шунчаки тарихий сана эмас. Бу миллий ўзликни англаш, инсон қадрини юксалтириш ва халқ фаровонлигини таъминлаш йўлида босиб ўтилган улкан тарихий йўлдир.
Янги Ўзбекистоннинг келажаги эса ўз тарихини биладиган, Ватан тақдирига дахлдор, билимли, фидойи ва юксак маънавиятли инсонлар қўлида барпо этилади.









